Жаҳон | 09:35 / 07.09.2023
4397
4 дақиқада ўқилади

ЕИ суди Ozon гуруҳи собиқ раҳбарига нисбатан санкцияларни тўхтатишга қарор қилди

Санкцияга тушган россияликлар ва беларусларнинг аксарият даъволаридан фарқли ўлароқ, ЕИ суди Ozon гуруҳи собиқ бош директори Александр Шулгиннинг ЕИ Кенгашига қарши даъвосини қисман қаноатлантирди. 

Александр Шульгин Фото: Максим Константинов / Global Look Press

Европа Иттифоқининг Люксембургдаги суди 6 сентябр, чоршанба куни россиялик тадбиркор Александр Шулгиннинг Европа Иттифоқи Кенгашига ўзига қўлланган санкциялар туфайли берган даъвосини қисман қаноатлантирди. Шулгин иши Европа Иттифоқи Кенгашининг уни санкциялар рўйхатига киритиш тўғрисидаги дастлабки қарорлари муносабати билан рад этилди, аммо «аризачининг аҳволи ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда, санкцияларни давом эттириш учун биринчи чора-тадбирлар кўрилганда Кенгаш томонидан етарли даражада ҳисобга олинмаган, дея тушунтирди суд. Бошқача айтганда, суд тадбиркор санкциялар рўйхатида қолмаслиги кераклигига рози бўлди. Эндиликда жавобгар - ЕИ Кенгаши икки ой ва ўн кун ичида апелляция шикояти бериши мумкин, шу вақтгача Шулгинга нисбатан жазо чоралари ўз кучида қолади. Кузатувчилар фикрича, суд қарори кейинги сафар ЕИ санкциялари узайтирилганда у энди рўйхатларда бўлмаслигини англатиши мумкин. 

Европа Иттифоқининг расмий журналида Шулгин Ozon компаниясининг бош директори сифатида тақдим этилган бўлиб, у 2022 йил 24 февралда Россия президенти Владимир Путин билан Кремлда олигархлар учрашувида иштирок этгани ҳам айтилади. «Унинг ушбу учрашувга таклиф қилингани президент Путинга яқин бўлган олигархлар даврасида экани ва Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатлар ёки сиёсатни қўллаб-қувватлаётганидан ёки амалга ошираётганидан далолат беради. Бундан ташқари, у Қримнинг аннексия қилиниши ва Украинадаги беқарорлик учун масъул бўлган Россиянинг муҳим даромад манбаи бўлган иқтисодиёт тармоқларида иштирок этади», — дейилади ҳужжатда. 

2022 йил апрелида, Европа Иттифоқи ва Австралия унга қарши санкциялар киритганидан сўнг, Шулгин Ozon бош директори лавозимини тарк этди ва директорлар кенгашидан кетди. 

Россиялик олигархларнинг аксарият даъволари рад этилди 

6 сентябр, чоршанба куни Европа Иттифоқи суди шахсий Европа санкциялари қўлланилган бир қатор йирик россиялик тадбиркорлар ва уларнинг оила аъзоларининг даъволарини рад этди. Хусусан, Александр Лукашенкони қўллаб-қувватлагани учун Европа Иттифоқининг Беларусга қарши санкциялар рўйхатига киритилган тадбиркор Михаил Гуцериевнинг; Қувур металлургия компаниясининг собиқ эгаси Дмитрий Пумпянскийнинг (у санкциялар рўйхатига киритилгандан сўнг бенефициарлар ва компания директорлар кенгаши таркибини тарк этди), унинг рафиқаси Галина Пумпянская ва ўғли Александр Пумпянскийнинг (у ҳам компания директорлар кенгашини тарк этди) даъволари рад этилди.

Европа Иттифоқи кенгаши Украина ҳудудий яхлитлигига путур етказувчи сиёсатни қўллаб-қувватлагани учун бу шахсларга нисбатан санкциялар қўллаганини билдирган. Улар иқтисодиётнинг Россия учун муҳим даромад манбаси бўлган тармоқларида ишлаши айтилади. Россияликлар ўзларини санкция рўйхатига ноқонуний киритилган деб ҳисоблаб, чеклов чораларини бекор қилишни талаб қилиб, судга якка тартибда мурожаат этган. 

Дмитрий Пумпянский жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этмаган бўлса-да, у Россия Федерацияси ҳукумати учун муҳим даромад манбаси бўлиб хизмат қиладиган иқтисодиёт тармоқларида фаолият юритади, дея тушунтирди Европа Иттифоқи суди. Ўз навбатида, Галина Пумпянская эри билан бизнес алоқаларига эга, чунки унинг компаниясига тегишли фондни бошқаради. 

Россияликлар ва беларусларнинг ўнлаб аризалари 
 
Ҳозирда Европа Иттифоқининг Люксембургдаги суди Россия ва Беларусдан бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг санкциялар бўйича қарорларга эътироз билдирган 80 га яқин даъволарини кўриб чиқмоқда. Ишларнинг аксарияти россиялик ишбилармонлар аризалари асосида қўзғатилган, улар активларини музлатиш ва Европа Иттифоқига киришни тақиқлаш каби чораларга дучор бўлган, аммо ҳозирча фақат «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожиннинг онаси бу ишда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди.

Мавзуга оид