Марказий Осиё давлатлари транспортда юк ташиш жараёнини соддалаштиради
5 та давлат ўртасида қуруқликдаги транспортнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги Битим лойиҳаси тайёрланган. Ҳужжат келаси ҳафта бўлиб ўтадиган давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашуви доирасида имзоланиши кутиляпти.
Душанбеда бўлиб ўтадиган минтақа давлат раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви доирасида Марказий Осиёда қуруқликдаги транспортнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги Битим лойиҳаси имзоланади. Учрашув 2023 йил 14-15 сентябр кунлари бўлиб ўтади, деб хабар берди Тожикистон Транспорт вазирлигига таяниб Asia-Plus.
Хабарда айтилишича, ҳужжат минтақа мамлакатлари ўртасида транспорт ва логистика соҳасида мустаҳкам алоқаларга эришишга қаратилган.
У, хусусан, қуйидагиларни назарда тутади:
- қуруқликдаги транспортда халқаро ташувни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
- Марказий Осиёда транспорт хизматлари бозорида рақобат муҳитини таъминлаш;
- самарадорликни ошириш ва янги халқаро, шу жумладан мультимодал коридорларни шакллантириш;
- қуруқлик транспортида ташиш ва транзит жараёнини соддалаштириш;
- замонавий транспорт ва логистика хизматларини ривожлантириш;
- инновацион технологияларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш, шу жумладан қуруқликдаги транспортда ташиш жараёнини рақамлаштириш;
- экологик тоза транспорт турларидан фойдаланиш амалиётини рағбатлантириш ва ривожлантириш.
Минтақа давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви доирасида минтақанинг бешта давлати транспорт вазирларининг учрашуви илк бор бўлиб ўтади.
13 сентябрга белгиланган йиғилишда Қозоғистон транспорт вазири Марат Карабаев, Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Текебаев (тасдиқлаш босқичида), Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Туркманистон Транспорт ва коммуникациялар агентлиги бош директори Мамметхон Чакиев ва Тожикистон транспорт вазири Азим Иброҳим иштирок этиши кутилмоқда.
Томонлар транспорт-логистика ва уларни янада уйғунлаштириш масалаларини муҳокама қилади. Учрашув якунлари бўйича вазирлар Қўшма баёнот қабул қилади.
Мавзуга оид
17:22
«Марказий Осиё – Хитой» қувури орқали 14 йилда етказилган табиий газ миқдори маълум қилинди
17:25 / 15.11.2024
2050 йилга бориб Марказий Осиё музликларининг учдан бир қисми эриб кетиши мумкин
17:42 / 14.11.2024
Марказий Осиё табиий офатлар туфайли ялпи ички маҳсулотининг 6 фоизини йўқотиши хавфи бор
20:33 / 13.11.2024