Бир марталик моддий ёрдам
“Ёшлар дафтари”га киритилган моддий аҳволи оғир ёшларга БҲМнинг 4 бараваригача (1 млн 320 минг сўмгача) моддий ёрдам берилади.
Моддий ёрдам олиш учун маҳалладаги ёшлар етакчисига ариза берилади. Ёшлар етакчиси 3 иш кунида ариза берган шахснинг ижтимоий ҳолатини ўрганади ҳамда моддий ёрдам бериш ёки рад этиш тўғрисида Васийлик кенгашига (туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлими) хабар беради.
Моддий ёрдам “Халқ банки” орқали нақд ёки пластик картага берилади. Бир марталик моддий ёрдам олиш ёшларни “Ёшлар дафтари”дан чиқаришга асос бўлмайди. Моддий ёрдам бир йилда бир маротаба берилади.
Ёшларнинг тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқиш харажатлари қоплаб берилади
Ёшларнинг тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқиш харажатларининг 75 фоизигача қисми ҳоким ёрдамчисининг ижобий тавсияси асосида тўлаб берилади.
Бунинг учун тадбиркорликка ёки касб-ҳунарга ўқишни истаган ёшлар туман (шаҳар) Ёшлар ишлари бўлимига ариза ҳамда ўқув курси шартномаси нусхасини беради. Шартномада таълим ташкилоти номи, СТИР, ўқув курси ёки касб-ҳунар номи, бир ойлик тўлов миқдори ва умумий муддат кўрсатилган бўлиши лозим.
Ҳужжатлар 3 иш кунида ариза берган ёшлар яшайдиган маҳалладаги ҳоким ёрдамчисига кўриб чиқиш учун юборилади ва ҳоким ёрдамчиси 5 иш кунида ўқиш харажатларини қоплаш ҳақидаги тавсиянома бериш ёки рад этиш ҳақида ёшлар ишлари бўлимини хабардор қилади. Тавсиянома бериш рад этилса, у асослантирилган бўлиши шарт.
Ҳоким ёрдамчиси аризани 5 иш кунида кўриб чиқмаса ёки тавсиянома беришни асоссиз рад этса, Васийлик кенгаши (ёшлар ишлари бўлими) ўз ташаббуси билан контракт пулини ўтказиб бериши мумкин.
Ўқиш харажатларнинг 75 фоизигача қисми, бироқ қуйидаги миқдорлардан кўп бўлмаган ҳолда тўлаб берилади:
– бир ойгача бўлган курслар учун – БҲМнинг 4 бараваригача;
– бир ойдан 2 ойгача бўлган курслар учун – БҲМнинг 8 бараваригача;
– икки ойдан кўп муддатли курслари учун – БҲМнинг 12 бараваригача.

















