Россия Адлия вазирлиги 8 сентябр, жума куни «чет эл агентлари» рўйхатини кенгайтирди. Рўйхатга Россия панк-рок гуруҳининг вокалисти Владимир Котляров, журналист Андрей Малгин, режиссёр Мўмин Шакиров, социолог Николай Митрохин, сиёсатчи Наталя Пелевина ва «Яблоко» партиясидан Тула вилоятидаги Ефремов шаҳри депутати Олга Подолская киритилган.
Россия Адлия вазирлигига кўра, Котляров «Украинани қўллаб-қувватлаган ҳолда очиқ гапирган» ва Россия ҳукумати қарорлари ҳақида «фейклар» тарқатган. Малгин ва Митрохин Украина Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаган, Пелевина Россия Федерацияси хавфсизлик идоралари ҳақида «фейклар» тарқатган, Подолская ва Шакиров Россиянинг Украинага қарши урушини қоралаган, дея қўшимча қилди Россия маҳкамаси.
Россияда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун 2012 йилда пайдо бўлган. Ўшандан бери бир неча юзлаб ташкилотлар ва шахслар тақиқ рўйхатига киритилди. Жисмоний шахслар – «чет эл агентлари» реестри 2022 йил апрел ойи бошида ишга туширилган бўлиб, у ННТлар – «чет эл агентлари», ОАВ – «чет эл агентлари» ва рўйхатдан ўтмаган ташкилотлар – «чет эл агентлари» рўйхати билан бир қаторда тўртинчи рўйхат бўлди. 2022 йил декабр ойидан бошлаб қонун «чет элдан кўмак оладиган» ва «чет эл таъсири остида» бўлганларни «чет эл агенти» деб эълон қилишга рухсат беради.
















