Мактабни битириб, пахта заводида ишчи бўлган Ҳаким Ўринов махсус билимга эга эмас, лекин қишлоқларда одамларнинг оғирини енгил қиладиган – ўрикнинг данагини айирадиган, гилам ювадиган, дон маҳсулотларини ёрма қиладиган қурилмаларни ясайди. Унинг укаси илмий изланувчи, ака-укалар биргаликда данак чақадиган ускуна устида ишлаяпти.
Ҳаким Ўринов Бухоро вилояти, Шофиркон тумани, Ҳовлипоён қишлоғида яшайди, “эски бозор”дан материаллар сотиб олиб, турли ускуналар ясайди. Улар қишлоқдаги кундалик юмушларни бажаришда қўл келади. Қизиғи, қаҳрамонимиз бундай нарсаларни махсус билимларсиз ясаб келади.
“Мактабни битириб, 1994 йил пахта тозалаш заводига ишга кирганман. 14 йилдан бери иккинчи гуруҳ ногирониман. Қандли диабет билан оғриганман. Миямда кўп ғоялар бор, улар "флешка"ларга сиғмаса ҳам керак. Аммо имкониятларим чекланган, маблағ етмайди.

Биринчи марта сув чиқарадиган насос ясаганман, ундан кейин пахта тозалайдиган ускуна. 8 метр чуқурликдан сув олиб чиқадиган насосларим ҳам бор. Кимга насос керак бўлса, мендан сўраб келади, қўлимдан келганча халққа ёрдам бераман”, – дейди Ҳакимжон Ўринов.
У мева ва сабзавотларнинг шарбатини сиқиб чиқарадиган аппарат ҳам ясаган.
“Мотордан бошқа ҳамма нарса қўлда ясалган, бундан фахрланаман. Ҳамма нарсанинг шарбатини чиқариб, уруғи ва пўчоғини ажратади. Бундай ускуна бизга Хитойдан келади, мен ўзим ясаганман. 10 минутда 15 килограмм маҳсулотни қайта ишлайди”.

Ҳаким аканинг яна бир ускунаси брикет ишлаб чиқаради. Унинг аралаштиргичлари қўлда тайёрланган. Тошкўмир қумини брикет қилиб чиқаради – қотириб, пресслаб беради.
“Айрим ускуналар устида йиллаб ишлайман. Масалан, шлакоблок аппаратимни ясашга 6 ой сарфладим. Дон маҳсулотларини ёрма қилиб берадиган ускунам ҳам бор, маккажўхори каби маҳсулотларни эзиб беради. Блендер, гилам ювадиган мослама ҳам ясаганман. Бунинг учун тайёр чўткалардан фойдаланганман”.

Қаҳрамонимиз мосламалар учун керакли материалларни эски бозордан сотиб олади.



















