Жаҳон | 14:50 / 11.09.2023
12385
2 дақиқада ўқилади

Россия собиқ президенти ЕИ билан дипломатик муносабатларни тўхтатишни таклиф қилди

Дмитрий Медведев Европа комиссиясининг Россияга қарши санкциялар бўйича янги тушунтиришларини шундай изоҳлади.

Фото: РИА Новости

Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев Европа етакчиларини ирқчиликда қоралади ва Европа Иттифоқи билан дипломатик алоқаларни тўхтатишни таклиф қилди. Россия Федерацияси собиқ президенти Еврокомиссиянинг Россияга қарши санкциялар бўйича янги тушунтиришларини шундай изоҳлади.

«Европа Иттифоқи раҳбарларига қойил. Ҳалол Брюссел бошлиқлари. Улар барча россияликларга тўғридан тўғри айтди: сиз биз учун иккинчи даражали фуқароларсиз. Худди Шариков (Шариков - Михаил Булгаковнинг «Ит юраги» қиссасидаги қаҳрамон) каби», — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.

Россия Федерацияси собиқ президентининг сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг қарори «ҳар бир Россия фуқароси юзига тарсаки бўлди». 

«Буни нима қилишимиз керак? Албатта, Европа Иттифоқи фуқаролари учун жавоб чекловларини жорий қилмаслик лозим. Биз ирқчи эмасмиз. Бизга келаётганлар эса, одатда, Россияни яхши кўради ва қадрлайди», — деди Медведев. 

Шу билан бирга, россиялик сиёсатчи ЕИ билан дипломатик муносабатларни тўхтатишни таклиф қилди. 

«Европа Иттифоқи билан дипломатик муносабатларни вақтинча тўхтатиб қўйиш яхши бўларди. Дипломатик ходимларни эса мамлакатимизга олиб келиш керак», - дея хулоса қилди у. 

Аввалроқ Еврокомиссия санкция қонунчилигидаги янгиликни тасдиқлаган эди, унинг доирасида россияликлар энди Россия Федерациясида рўйхатдан ўтган автомобиллар ёрдамида ЕИ мамлакатларига кира олмайди. Бундан ташқари, россияликларга шахсий буюмларни, жумладан смартфонлар, ноутбуклар, камералар, косметика, заргарлик, чарм буюмлар ва бошқаларни олиб ўтиш тақиқланган.

Мавзуга оид