Жаҳон | 11:08 / 12.09.2023
6859
3 дақиқада ўқилади

АҚШда 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар қурбонлари хотираси ёд этилди

Нью-Йорк, Вашингтон ва Пенсилваниядаги терактлар содир бўлган жойларда 3 мингга яқин қурбонлар хотирасига бағишланган маросимлар ўтказилди. 

Фото: Reuters

Қўшма Штатлар бўйлаб 2001 йил 11 сентябрдаги терактларда ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. 11 сентябр, душанба куни эрталаб Нью-Йоркдаги теракт натижасида вайрон бўлган собиқ Бутунжаҳон савдо маркази ўрнида ўтказилган маросимда кўплаб сиёсатчилар, қурбонларнинг қариндошлари ва қутқарувчилар иштирок этди. Унда АҚШ вице-президенти Камала Харрис ва Нью-Йорк мэри Эрик Адамс ҳам қатнашди.

Биринчи бир дақиқалик сукут сақлаш маросими Бутунжаҳон савдо марказининг вайрон қилинган миноралари ўрнида жойлашган Граунд-Зеро мажмуасида маҳаллий вақт билан соат 8:46 да (Тошкент вақти билан 17:46) бўлиб ўтди – айнан ўша пайтда «Ал-Қоида» террорчи гуруҳи аъзолари томонидан олиб қочилган самолётларнинг биринчиси Нью-Йоркдаги эгизак миноралардан бирига келиб урилган. Бундан ташқари, қурбонларнинг яқинлари терактлар оқибатида ҳалок бўлган қарийб 3 минг кишининг исмларини ўқиди.

Блинкен терроризмга қарши курашни давом эттириш зарурлиги ҳақида гапирди 

Шунингдек, Пентагонда ва Пенсилваниядаги самолёт қулаган жойда мотам тадбирлари бўлиб ўтди. АҚШ биринчи хоними Жилл Байден Пентагонда ҳалок бўлганлар хотирасига гулчамбар қўйди, вице-президентнинг турмуш ўртоғи Дуг Эмхофф эса Пенсилваниядаги тадбирда иштирок этди. АҚШ президенти Жо Байден Ҳиндистондаги G20 саммитидан қайтгач, Аляскадаги ҳарбий базада хотира нутқи билан чиқиш қилди. 

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен, 22 йил аввал ҳалок бўлганлар хотираси учун терроризмга қарши курашни давом эттириш зарурлигини эслатди. Ўтган йиллар давомида Қўшма Штатлар бутун дунёдаги ҳамкорлари билан терроризмга чек қўйишга ҳаракат қилди ва буни давом эттирмоқда, деди у. 

АҚШда 9/11 терактлари 

22 йил аввал амалга оширилган терактлар натижасида жами 2977 киши, жумладан Нью-Йоркда - 2753, Вашингтонда АҚШ Мудофаа вазирлигида - 184 ва Пенсилванияда - 40 киши ҳалок бўлган. 2001 йил 11 сентябрда террорчилар тўртта самолётни эгаллаб олди. Улардан биринчиси Бутунжаҳон савдо марказининг шимолий минорасига келиб урилган, бироздан кейин жанубий минорага худди шундай ҳужум уюштирилган, шундан сўнг иккала бино ҳам қулаган. Террорчилар учинчи самолётни Вашингтон яқинидаги Пентагон биносига қараб йўналтирган, тўртинчи самолёт эса Пенсилвания штатининг Шанксвилл шаҳрида йўловчилар қаршилик кўрсатгач, ҳалокатга учраган. Ушбу самолётни олиб қочганларнинг мақсади номаълумлигича қолмоқда.

Ҳар йили 11 сентябр куни Қўшма Штатларда ушбу ҳужумлар қурбонлари хотирасига бағишланган маросимлар ўтказилади. Ҳужумлардан кейин Вашингтон «терроризмга қарши уруш» эълон қилди. 2003 йилда Афғонистонга бостириб киришдан сўнг Ироқ уруши бошланди. 11 сентябр хуружлари ташкилотчиси ва «Ал-Қоида» етакчиси Усама бин Лодин 2011 йилда узоқ давом этган қидирувлардан сўнг Америка махсус кучлари томонидан ўлдирилган.

Мавзуга оид