Ўзбекистон | 10:18 / 12.09.2023
5149
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ДХШ лойиҳаларини ишлаб чиқиш жамғармаси ташкил этилди

Унинг асосий вазифалари сифатида энергетика, коммунал хўжалик, транспорт, экология, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа устувор соҳаларда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ҳужжатларини сифатли ишлаб чиқиш белгиланди.

Фото: Getty images

Президент “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқулланди:

Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш жамғармасини ташкил этиш ва унинг асосий вазифалари сифатида энергетика, коммунал хўжалик, транспорт, экология, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа устувор соҳаларда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ҳужжатларини сифатли ишлаб чиқишни белгилаш;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларидан келиб чиқувчи давлатнинг тўғридан тўғри ва шартли мажбуриятларини мониторинг қилиш, бошқариш ва тартибга солиш тизимини амалиётга татбиқ этиш;

Давлат бюджети лойиҳасини шакллантириш ва ижроси бўйича ҳисоботларда бюджет харажатларининг барқарор ривожланиш миллий мақсадларига мувофиқлиги ва иқлим ўзгаришига таъсирини кўрсатиб бориш (маркировкалаш) механизмларини жорий этиш.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

икки ҳафта муддатда халқаро молия институтларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш жамғармаси фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича Ўзбекистон президенти қарори лойиҳаси;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларидан юзага келиши мумкин бўлган давлатнинг мажбуриятларини бошқариш ва тартибга солиш механизмларини белгиловчи ҳукумат қарори лойиҳаси;

2024 йил 1 январга қадар Давлат бюджети харажатларининг барқарор ривожланиш миллий мақсадларига мувофиқлиги ва иқлим ўзгаришига таъсирини кўрсатиб бориш (маркировкалаш) механизмларини жорий этиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси киритилишини таъминлайди.

Мавзуга оид