Россия президенти Владимир Путин Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг «қулай вақтда» КХДРга ташриф буюриш таклифини қабул қилди. «Путин таклифни мамнуният билан қабул қилди ҳамда Россия ва КХДР ўртасидаги дўстлик тарихи ва анъаналарини сўзсиз давом эттириш истагини тасдиқлади», — деб хабар берди КМТА давлат ахборот агентлиги 14 сентябр, пайшанбага ўтар кечаси.
Путин ва Ким Чен Ин 13 сентябр куни Россиянинг Узоқ Шарқидаги «Восточний» космодромида учрашди. Ким Россия президентини у билан расмий кечки овқат пайтида Шимолий Кореяга ташриф буюришга таклиф қилди. Бунгача улар «Восточний» космодромини кўздан кечириш чоғида мулоқот қилган, шундан сўнг аввалига делегациялар иштирокида, сўнгра юзма-юз музокаралар ўтказган.
Чоршанба куни эрталаб Путин матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг Россия президентининг Пхенянга эҳтимолий ташрифи ҳақидаги саволига жавобан, «ҳозирча бундай режалар йўқ», деди.














