Ўзбекистон | 07:26 / 16.09.2023
2818
2 дақиқада ўқилади

“Меҳр дафтари” жамғармаси маблағларининг сарфланиши юзасидан назорат кучайтирилади

Бугунги кунда “Меҳр дафтари” платформасига 8 921 нафар бола киритилган.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

 

Жорий йилнинг 15 сентябр куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинарда Оилавий болалар уйлари фаолияти ҳамда “Меҳр дафтари” жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан депутатлик назоратини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 23 та Меҳрибонлик муассасаси ва болалар уйининг фаолияти тугатилди, шундан 14 таси Меҳрибонлик уйи, 4 таси болалар шаҳарчаси ва 5 таси болалар уйи ҳисобланади.

Бугунги кунда 2 та Меҳрибонлик уйида 255 нафар бола, 3 та “SOS - Ўзбекистон болалар маҳаллалари”да 164 нафар бола, 8 та болалар (гўдаклар) уйида 340 нафар, 137 та оилавий болалар уйида 739 нафар бола тарбияланмоқда.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида “Меҳр дафтари” тизими амалиётга жорий этилди.

“Меҳр дафтари” платформаси ишга туширилиб, бугунги кунда унга 8 921 нафар (4610 нафар ўғил ва 4311 нафар қиз) бола киритилган, 4 452 нафар боланинг муаммолари ўрганилиб, 3 171 нафар боланинг масаласи ижобий ҳал этилди.

Уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 406 нафар боланинг 388 нафарига уй-жойлар берилган.

Семинар давомида “Меҳр дафтари” жамғармасига тегишли маблағларнинг ўз вақтида туширилишини назорат қилиб бориш ва бу борадаги муаммоли масалаларни маҳаллий кенгашлар муҳокамасига олиб чиқиш, оилавий болалар уйларида тарбияланаётган болалар ҳолидан хабар олиш, уларнинг талаб ва истакларини эшитиш, уларни уй-жой билан таъминлашда шаффофликни таъминлаш бўйича тавсиялар илгари сурилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид