Жаҳон | 11:46 / 17.09.2023
8716
2 дақиқада ўқилади

Ливиянинг Дерна шаҳрида вайронкор сув тошқинидан сўнг 35 минг киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган — ЖССТ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, шу кунга келиб Дерна шаҳрида рўй берган сув тошқинларида ҳалок бўлган 4 мингга яқин инсоннинг жасади таниб олинган.

 Дерна шаҳри вайроналари. Фото: unicef.org

Сув тошқинига кучли довул ва ёмғир туфайли иккита сув омборининг тўғони ёрилиб кетиши сабаб бўлган.

Дернада 10 мингдан зиёд бедарак йўқолганларни қидириш ишлари давом этмоқда. Қутқарувчилар ва йўқолган инсонларнинг қариндошлари уларни вайроналар ва баландлиги айрим жойларда бир неча метрга етувчи лой қатламлари остидан тирик топишга умидини йўқотмаган, — деб хабар беради Euronews.

Вайрон бўлган тўғонлар 1970-йилларда барпо этилган, гарчи ҳар йили пул ажратиб келинган бўлса-да, тўғонларни ишчи ҳолатда сақлашга жиддий эътибор қаратилмаган. Маҳаллий аҳоли ҳокимият вакиллари бу таҳдиддан хабардор бўлишгани, бироқ ҳеч қандай чора кўришмаганини таъкидламоқда. Ливия давлат прокурори совуққонлик қилган шахслар жавобгарликка тортилишини ваъда қилди.

Ливия миллий бирлик ҳукумати Фавқулодда ҳолатлар бошқармаси бошлиғи Дернадаги сув тошқинидан сўнг 890 та уй тўлиқ вайрон бўлгани, 1500 дан ортиқ уйга қисман зарар етганини таъкидлади.

Дернада 150 киши ифлосланган сув ичиб заҳарланган. Фото: improvethenews.org

Шунингдек, техноген офатдан сўнг Дернада 150 киши ифлосланган сув истеъмол қилиб заҳарлангани ҳам хабар қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ливиянинг денгиз соҳилида жойлашган Дерна шаҳрида ҳалокатли сув тошқини қурбонлари сони 11,3 минг кишига етган. Фалокат ҳудудида қидирув ишлари давом этмоқда. Яна 10,1 минг киши бедарак кетган деб ҳисобланмоқда.

Мавзуга оид