Жаҳон | 10:07 / 18.09.2023
3540
3 дақиқада ўқилади

Фон дер Ляйен ЕИ давлатларини Италиядан қочқинларни олиб кетишга чақирди

Италиянинг Лампедуза ороли Шимолий Африкадан келган муҳожирлар билан тўлиб кетган. Европа комиссияси раҳбари Европа Иттифоқи давлатларини Италиядан қочқинларнинг бир қисмини олиб кетишга чақирди. 

Фото: YARA NARDI/REUTERS

Европа комиссияси (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен Европа давлатларини Италиядан у ерга келган ноқонуний муҳожирларнинг бир қисмини олиб чиқишга чақирди. 17 сентябр, якшанба куни Италия бош вазири Жоржа Мелони билан Италиянинг Лампедуза оролига қўшма ташрифи чоғида у: «тартибсиз иммиграция – бу Европа жавобини талаб қиладиган муаммо», деди

Ҳар ёзда бўлгани каби, Тунисдан 145 км шимолда жойлашган Лампедуза ороли Африкадан ўн минглаб муҳожирлар оқимидан азият чекмоқда. Биргина 11-13 сентябр кунлари у ерга 199 та кемада 8500 га яқин одам етиб келди. Натижада, Лампедузадаги қочқинлар сони ушбу Италия ороли аҳолиси сонидан ошиб кетди.

Қизил Хоч ташкилотига кўра, 17 сентябр куни эрталаб Лампедузадаги 400 кишига мўлжалланган мигрантларни қабул қилиш марказида 1500 киши қолган. Кун давомида уларни Сицилия ва Италиянинг қитъа қисмига олиб бориш режалаштирилганди.

Мелони ҳарбий-денгиз кучларидан фойдаланишга чақирди

Жоржа Мелони Европа Иттифоқини имкон қадар тезроқ зарур чораларни кўришга чақирди. «Италияда муҳожирлар оқими билан боғлиқ вазият чидаб бўлмас ҳолатда. Европа келажаги Европанинг миграция каби инқирозларга қарши туриш қобилиятига боғлиқ. Биз назоратсиз миграцияни тўхтатишимиз керак. Италия-Тунис миграция келишуви Шимолий Африканинг бошқа мамлакатларига ҳам кенгайтирилиши керак. Муҳожирлар ва қочқинларни Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида оддийгина қайта тақсимлаш муаммони ҳал қила олмайди», - дея таъкидлади у.

15 сентябр куни Мелони Лампедузага келаётган муҳожир кемаларини тўхтатиш ва керак бўлганда, ҳарбий-денгиз кучларини қўллаш учун Европа миссиясини яратишга чақирди. Урсула фон дер Ляйен бунга жавобан Frontex Европа чегара хизмати орқали денгизда ва ҳаводан кузатувни кучайтиришни таклиф қилди. У, шунингдек, мавжуд ҳарбий-денгиз флоти миссияларини кенгайтириш ёки янгиларини келишиш вариантларини ўрганиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. 

Тунис хавфсизлик кучлари куни кеча Италияга ноқонуний миграцияни тўхтатиш мақсадида, мамлакатнинг бир қатор қирғоқ шаҳарларида муҳожирлар ва контрабандачиларга қарши кенг кўламли амалиётлар ўтказди. Гувоҳлар ва расмийларнинг айтишича, юзлаб муҳожирлар ва кўп сонли контрабандачилар қўлга олинган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид