Пригожин исёни куни

2023 йил 23 июн куни Россияда ҳамма Евгений Пригожиннинг ҳарбий исёни ҳақида гапираётган бир вақтда «Медуза» асосчиларидан бири Галина Тимченкога нашрнинг Ригадаги офиси техник бўлимидан телефон қилишади. Тимченко у билан гаплашган бўлим бошлиғи Алексейнинг сўзларидан нимадир муаммо бўлганини сезади.

Фақат мана шу қўнғироқдан кейингина Тимченко аввалроқ Apple'дан келган «Телефон ҳукумат таъсиридаги ҳакерлар ҳужумига учраган бўлиши мумкинлиги» ҳақидаги смс хабарномани эслади. «Медуза» узоқ йиллар давомида Россияда турли хил ҳакерлик ҳужумларига учрагани сабаб Тимченко бунга эътибор қаратмаганди.

Ригадаги таҳририят офисига борганида Тимченкога уни телефони орқали кузатган бўлишлари мумкинлигини айтишади-да, телефони ва компютерини олиб текширишни бошлашади. Apple'дан келган смсни ҳам таққослаб, чиндан муаммо борлигига амин бўлишгач, бу борада мутахассис бўлган Access Now интернет бўйича ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилишади. Улар кўплаб ҳакерлик ҳужумига учраган журналист ва ҳуқуқбонларга ёрдам беришган.

Ёрдамга Citizen Lab техник мутахассислари ҳам жалб қилинади ва улар биргаликда Галина Тимченконинг телефони Pegasus жосуслик дастури орқали бузиб кирилганини аниқлашади. Бу дастур исроиллик собиқ разведкачилар томонидан яратилган ва дунёнинг кўплаб махсус хизматлари ундан фойдаланади.

Таҳлиллар натижасида Галина Тимченконинг телефони фақат ва фақат давлат махсус хизматлари ишлата оладиган жосуслик дастури орқали 2023 йил 10 феврал куни бузиб кирилгани аниқланади. Шу тариқа журналистнинг телефонида мавжуд бўлган барча маълумотлар кимлиги аниқ бўлмаган давлат махсус хизматлари қўлига тушиб қолади. Бу дастур сим-карта орқали телефонга кириш имконини қўлга киритгач, унга жойлашиб олиб экранда кўринадиган ҳар қандай маълумот, телефон геолокациясигача аниқлай олади. Бу дастур орқали курилмадаги алоҳида паролланган мессенжерлардаги ёзишмаларни ҳам бемалол кўриш мумкин.

Исроиллик собиқ разведкачилар ишлаб чиққан ушбу дастур асосчилари уни фақат давлат махсус хизматларига махсус рухсатнома билан сотишларини иддао қилади. Яна уларнинг иддаосига кўра, Pegasus дастури террорчиларни кузатиш учун яратилган, лекин ҳозиргача ушбу дастур орқали кузатилган террорчи қўлга олингани ҳақида маълумот йўқ. Аммо ўнлаб ҳуқуқ фаоллари, журналист ва мухолифатчилар ушбу жосуслик дастури қурбони бўлгани маълум. Масалан, саудиялик журналист Жамол Қошиқчи ўлдирилишидан бироз аввал унинг хотинига тегишли телефон айнан Pegasus орқали бузиб кирилган.