14:57 / 20.09.2023
5014

Москва вилоятида кўп қаватли уйда газ портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди

Турар жой биносининг тўртинчи қаватида газ портлаб, учта қават қулаб тушди. Қутқарув операцияси давомида иккинчи қулаш содир бўлди. Вайроналар остида бир қутқарувчи ва икки нафар фуқаро бор.

Фото: Maxim Grigoryev/TASS/dpa/picture alliance

Москва яқинидаги Балашихада газ портлаши оқибатида беш киши ҳалок бўлди, яна бири касалхонага ётқизилди, уч кишига воқеа жойида ёрдам кўрсатилди, деб хабар берди Россия ФВВ. 20 сентябр, чоршанба куни Москва вилояти губернатори Андрей Воробёвнинг маълум қилишича, Октябр кўчасида, Москва вақти билан соат 8:21 да турар жой биносининг тўртинчи қаватида портлаш содир бўлган. Портлаш оқибатида камида ўнта хонадон вайрон бўлган, учта қават қулаган. ТАСС ўз мухбирига таяниб, қурбонлар сони ошганини, ҳозирча бу маълумот расман тасдиқланмаганини ёзяпти.

Такрорий қулаш

Газ портлашидан бир неча соат ўтгач, иккинчи қулаш содир бўлди, уч нафар қутқарувчи вайроналар остида қолди, улардан икки нафари ҳалок бўлди. Бундан ташқари, кириш эшиги вайроналари остида икки фуқаро бор. «Вайроналар остидан аёл ва боланинг овози эшитилмоқда - ҳозирда қутқарувчилар уларга йўл олмоқда. Портлаш тўлқини шунингдек, қўшни уйлардаги бир нечта тўхтаб турган машина ва квартираларга зарар етказди», деб ёзди Воробёв Telegram’да. Аҳолидан бири олтинчи қаватдан нарвон ёрдамида қутқариб олинди, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

«Балашихадаги портлаш жойида 10 та тез тиббий ёрдам бригадаси ва табиий офатларга қарши кураш ҳудудий марказининг 6 та бригадаси ишламоқда», — деди губернатор. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қидирув-қутқарув ишларига 160 дан ортиқ киши жалб қилинганини қайд этди. Уйдан 170 киши эвакуация қилинган. Аҳоли Балашиха дам олиш марказига жойлаштирилади, улар озиқ-овқат ва сув билан таъминланади, шунингдек, психологик ёрдам кўрсатилади. 

Россия Тергов қўмитаси хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. ТАСС хабарига кўра, уй 1979 йилда қурилган, у хавфли деб топилмаган ва навбатдаги капитал таъмирлаш 2025 йилга мўлжалланган. Аҳоли вакилларидан бирига таяниб, агентлик бир ой аввал газ хизмати ускуналарни кўздан кечирганини хабар қилди. 

Top