Қорабоғлик қочқинлар нажот истаб Хўжаванддаги аэропортга боришган. Бу ерда Россия тинчликпарвар кучлари штаби жойлашган.

Кузатувчиларда энди буёғига арманлар озарлар билан тотув яшай олармикан, озарбойжонлар Қорабоғдаги арманларни қисиштирмайдими, уларни Арманистонга кўчишга мажбур қилмайдими, деган хавотирлар мавжуд.

Энг аввало, Қорабоғ ҳудудида яшаб келаётган арманлар бундан саросимага тушиб қолишган. Уларнинг орасида шошилинч Қорабоғни тарк этишга киришганлари ҳам бор.

Бунгача ҳам «Арцах» (арманлар Қорабоғни шундай аташади) мустақиллигини тан олмаган, ниҳоят Қорабоғ Озарбойжоннинг бўлинмас ҳудуди эканига иқрор бўлган Арманистон Республикаси ҳам сулҳ музокараларида қорабоғлик миллатдошлари бўлган арманлар келгусида Озарбойжон таркибида хавфсиз яшаши, босимга учрамаслигини талаб қилиб келади.

Озарбойжон 1992 йилдан кейин Арманистон ва дунёнинг турли чеккаларидан ҳудудга кўчириб келтирилган арманларни депортация қилишига аввалдан шама қилиб келади. Фақат аждодлари азалдан шу ҳудудда яшаб келганларгагина Озарбойжон фуқаролиги тақдим этилади. Турли маълумотларга кўра, Арманистон ва Россия у ёқда турсин, Сурия, Ливан ва Туркия каби давлатлардан ҳам миллати арман бўлган фуқаролар Қорабоғга кўчиб келиб жойлашишган.

Уларнинг аксарияти Биринчи ва Иккинчи Қорабоғ урушида ва турли партизанлик ҳаракатларида Озарбойжонга қарши жанг ҳам қилишган.

Озарбойжон ва арманлар ўртасидаги муносабатлар соф миллий ихтилоф. Миллий ихтилофлар собиқ СССРнинг бошқа республикаларида ҳам юз берган. Лекин Абхазияда гуржилар, Гуржистонда абхазлар бемалол юришади. Днестрбўйида молдованлар, Молдовада руслар босимга учрамасдан бемалол умргузаронлик қилишади.

Лекин озарбойжон ва арман миллати ўртасида муносабат ундай эмас. Масалан, Арманистонда бирорта озарбойжон йўқ. Қорабоғ ҳисобга олинмаса, аҳолиси 10,2 млн бўлган Озарбойжонда ҳам арманлар сони у қадар кўп эмас: турли ҳисоб-китобларга 15–20 минг атрофида. Қорабоғ билан қўшиб ҳисобланса Озарбойжондаги арманлар сони 120 минг чиқади.

Бу ихтилоф Озарбойжонда узоқ йиллардан бери нишонланадиган миллий байрамларда ҳам ўз аксини топган. Масалан, бу ерда 26 феврал Хўжали геноциди, 31 март эса 1918 йилда арман миллатчилари томонидан озарбойжонлар геноцид қилинган кун сифатида нишонланади. Албатта, бундай байрамларнинг кенг нишонланиши ҳам келгусида силлиқ интеграцияга халақит беради ва хавотирларни кучайтиради.