Исроил вакили Эрон президенти нутқ сўзлаётганда ўрнидан турди-да, ўзи билан олиб кирган баннерни кўтариб минбар томон яқинлашди. У кўтарган қоғозда ўтган йили рўмолни тўғри ўрамагани учун қўлга олинган ва полиция биносидан ўлиги чиққан эронлик қиз Маҳса Аминийнинг сурати туширилган, остига «Эронлик аёллар ҳозир озодликка муносиб» деб ёзилганди.
Шу тарзда ўзига хос дипломатик исён қилишга уринган исроиллик элчи саммит қўриқчилари томонидан шовқинсиз бир чеккага олиб чиқилди ва уни куч билан залдан чиқариб юборишди. Элчини аёл полициячи ушлаб турди, кейинчалик бошқа бир эркак қўриқчи келиб унинг ҳужжатларини сўради. Ўз жойига қайтишга уринган Исроил вакили залдан ҳайдаб чиқарилди.
Эътиборлиси, Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан бундай бир кишилик пикет ўтказаётган бир вақтда залда кўплаб давлат раҳбарлари ўтирганди. Баъзи иштирокчилар нима бўлаётганини тушунмаган бўлса, ҳушёр журналистлар элчининг норозилигини суратга олишга улгурди.
Гилад Эрдан ўз саҳифасига баннер кўтариб чиқаётгани тасвирланган видеони жойлади. Унинг ҳаракатларини афтидан Исроилнинг бошқа вакиллари видеога олиб турган ва барчаси қўриқчилардан узоқ жойда пухта тайёргарлик билан амалга оширилган. Элчи эълон қилган видеода уни қўлга олиш жараёни акс этмаган, бу видеони бошқа манбалар эълон қилди.
Элчи ўзининг твиттердаги саҳифасида бу борада пост ҳам жойлади. «Эрон президенти, теҳронлик қассоб Раисий нутқ сўзлай бошлаганида мен бир йил аввал режим томонидан гўёки ҳижобни нотўғри таққани учун ваҳшийларча ўлдирилган айбсиз Маҳса Аминийнинг суратини кўтариб чиқдим.
Бу вақтда юзлаб эронликлар БМТ биноси ташқарисида норозилик ўтказиб, халқаро ташкилотлардан ёрдам беришни ўтиниб сўрашди. Мен адолат учун курашишни ҳеч қачон бас қилмайман ва БМТнинг ахлоқий камчиликларини фош қилишда давом этаман. Қотиллар ва антисемитлар учун қизил гилам ёйганлар қилмишлари учун жавоб бериши керак», деб ёзди элчи ўз саҳифасида.
Баъзи манбаларга кўра, залдан олиб чиқилган элчи БМТ полицияси томонидан қўлга олинган. Аммо кўп ўтмай Исроил томони сўрови билан қўйиб юборилган. Исроил вакили бу демаршидан кейин кўплаб журналистлар билан суҳбатлашган. Унинг айтишича, БМТнинг Эрон вакилига сўз беришга ҳаққи йўқ. Элчи Исроил давлати Эрон халқини қўллаши, улар айнан Эрон ҳукумати сабаб қийналаётганини айтган.


















