Жаҳон | 10:27 / 23.09.2023
8819
3 дақиқада ўқилади

Экспертлар: Зурабишвилига импичмент Гуржистондаги сиёсий қутбланишни чуқурлаштиради

Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси мамлакат президентига қарши импичмент жараёнини бошлади.

Фото: РИА Новости / Стрингер

Гуржистон ҳукумати ташаббуси билан президент Саломе Зурабишвилига қарши импичмент жараёни мамлакатдаги сиёсий қутбланишнинг янада чуқурлашишига олиб келиши мумкин. Кўпгина сиёсий кузатувчилар шундай фикрда.

Гуржистоннинг ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси президент Саломе Зурабишвилига ҳукумат рухсатисиз август ойи охирида расмий учрашувлар учун Европага борганидан кейин унга қарши импичмент жараёнини бошлади. 

Партия раиси Ираклий Кобахидзенинг айтишича, «Гуржистон орзуси» конституцияни бузгани учун президентга қарши импичмент жараёнини бошлаган. 

СССР парчаланиб, 1991 йилда мустақиллик тиклангач, Гуржистон ҳудудий яхлитлик соҳасида муаммоларга дуч келди. 

Мамлакат хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ҳудудий яхлитликни таъминлаш мақсадида НАТО билан интеграция жараёнини давом эттирмоқда. 

Шунингдек, Тбилиси Европа Иттифоқига киришга ҳам интилмоқда. 

Мамлакат расмийлари йил охиригача ЕИга кириш учун номзод давлат мақомини олишга умид қилмоқда. 

Европа Иттифоқининг юқори мартабали вакиллари Зурабишвилига қарши бошланган импичмент жараёни мамлакатнинг ЕИга интеграциялашув йўлидаги «сиёсий хавф» деган фикрни билдиряпти. 

Кавказ бўйича эксперт Мамука Арешидзенинг «Анадолу» нашрига берган интервюсида таъкидлашича, Зурабишвили вазирлар маҳкамаси розилигисиз хорижга чиқиб, ҳақиқатан ҳам конституцияни бузган. 

Бироқ, айни пайтда, экспертнинг фикрича, ҳукумат Зурабишвилига импичмент эълон қилиш учун ҳукмрон партия етарли овозга эга эмаслигини инобатга олиб, вазиятни кескинлаштирмаслиги керак эди. 

«Жараён кечиктирилади. Бу вазият, албатта, таранг, лекин шуни ҳам таъкидламоқчиманки, бу мамлакат сиёсатига танқидий таъсир кўрсата олмайди», — деди у. 

«Анадолу» агентлиги, шунингдек, мавжуд вазият ҳақида Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Важа Беридзенинг фикри билан қизиқди.

Унинг фикрича, Гуржистондаги воқеалар нафақат ички сиёсат нуқтайи назаридан, балки глобал жараёнларнинг бир қисми сифатида ҳам кўриб чиқилиши керак.

Унинг таъкидлашича, Гуржистон конституциясига кўра, президент мамлакат ички ва ташқи сиёсатини белгиламайди - бу ҳукумат ваколатига киради. 

«Президент конституцияни бузди. Шубҳасиз, жамият ва ҳукумат бунга муносабат билдириши керак эди», деб тушунтирди Беридзе.

Марказ раҳбарининг фикрича, импичмент тартиби Гуржистонга ЕИда номзод мақомини бериш жараёнига зарар етказиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид