Кулдошевлар оиласи Европани саёҳат қилиш учун машинада йўлга чиққан. Оила 56 кунлик саёҳат давомида 23 минг километр масофани босиб ўтди. “Женевада бизни кўрган ўзбеклар шунча йўлдан машинада келдингизми деб ҳайратда қолишди”, – дейди Авазбек Кулдошев. У Кun.uzʼга берган интервюсида саёҳати ҳақида батафсил гапириб берди. Хўш, Европани машинада кезиш қанчага тушди, улар қандай виза олди – видеодан билиб оласиз. 

Кулдошевлар оиласи асли Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридан. Оилабоши Авазбек Кулдошев тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Фарзандлари – Иймона, Маҳди ва Довуд.

“Грузиядан Туркиягача: илк оилавий саёҳатни ўтган йили қишда бошлаганмиз”

Оилавий саёҳат қилишни ўтган йили бошлаганмиз. Янги йил таътилида Грузияга чанғи учишга боришни хоҳлагандик. Гудаури шаҳри тоғли жой бўлгани учун, у ерда қор бўлиши керак эди, лекин биз борганда қор бўлмаган. Ўша пайтда Ўзбекистонда жуда қаттиқ совуқ бўлгани учун болаларнинг мактаб таътили чўзилди, шу сабабли орқага қайтишга эмас, саёҳатни давом эттиришга қарор қилдик. Грузиядан Туркияга ўтдик, Кутаиси шаҳрида чиройли ғор бор экан, ўша ғорни кўрдик. Кейин Батумига ўтдик, у ерда ҳам 3 кеча қолиб, Истанбулга кетдик. Ўзбекистондан узоқлашишимиз билан ҳаво исиб кетди, Туркияда январ ойида битта футболкада юрдик. Истанбулда 10 кунча қолиб, кейин Ўзбекистонга қайтдик.

Гудаури. Фото: Авазбек Кулдошевнинг шахсий архивидан

Шундай қилиб, биринчи борганимиз декабрда бўлган, Ўзбекистондан Туркиягача машинада борганмиз. Бу оилавий машина, фақат саёҳат учун олганмиз, шаҳарда бошқа машинада юрамиз.

“Европага 1 йилга виза олиш осон бўлмаган”

Қишки саёҳатни ўтказганимиздан кейин бутун Европани айланиб чиқамиз, Лондонгача етиб оламиз, деб ният қилдик. Бунинг учун биласиз, виза олиш керак, бу жараёнда бироз қийинчилик бўлган. Ҳужжатлар тайёрлашда ёрдам берадиган одам топиш қийин кечган. Бир иккита турфирмаларга мурожаат қилганимда “Европага биринчи марта чиқяпсизлар, сизларга узоқ муддатга виза берилмайди”, дейишганди. Бир дўстим шу соҳада ишлайди, ундан маслаҳат сўрасам, “олсанг бўлади, ҳамма ҳужжатларингни тўғри йиғиб, элчига оилавий кириб тушунтирсанг, виза беради”, деганди. Ҳужжатларни Италия элчихонасига топширганмиз ва оилавий ҳаммамиз кирганмиз. Биз визани бир йилга сўраган эдик. Суҳбатда “нима қиласизлар бир йил Европада?” дейишган. Биз энг камида 2 ой саёҳат қиламиз, қишда Италияга чанғи учгани борамиз, деганмиз. Жавобини айтамиз деб, ҳужжатларимизни олиб қолишган. Шундай қилиб, 2 ҳафтада Европага 1 йиллик визамиз чиқди.