Фото: SERGEI MALGAVKO/TASS

22 сентябр куни РФ Қора денгиз флотининг Севастопол шаҳридаги штабига ракета зарбаси берилиши оқибатида камида тўққиз киши ҳалок бўлиб, 16 киши яраланган, деб тасдиқламоқда Украина разведкаси Бош бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов. Бу ҳақда у «Америка овози» украин хизматига берган изоҳида маълум қилган. Бу маълумот мустақил манба томонидан тасдиқланмаган. Будановнинг сўзларига кўра, бу тўлиқ маълумот эмас — бу рақамлар штабда ишламаган ҳолда шу вақтда бинода бўлган ҳарбийлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олмайди.

Яраланганлар орасида камида икки нафари Россия генераллари, деган Украина разведкаси бошлиғи. Будановнинг сўзларига кўра, Россиянинг Запорижжя йўналишидаги гуруҳи қўмондони, генерал-полковник Александр Романчук «жуда оғир аҳволда», штаб бошлиғи генерал-лейтенант Олег Цеков — «ҳушсиз ҳолатда». Буданов разведкадагилар РФ Қора денгиз флоти қўмондони, адмирал Виктор Соколов қандай ҳолатда экани ҳақида маълумотга эга эмас, шу туфайли унинг ўлими тўғрисида телеграм-каналларда тарқалган маълумотни тасдиқлай олмайди.

Украина қуролли кучлари Бош штабидагилар маълум қилишича, украин армияси РФ Қора денгиз флоти раҳбарияти йиғилиш ўтказаётган маҳалда зарба йўллаган. Украин ҳарбийлари хабар қилишича, «Қисқичбақа тузоғи» номли амалиёт Украина ҚК ҳаво кучлари ва Махсус амалиёт кучлари ҳамкорлигида ўтказилган. «[Амалиёт] ўтказилиши деталлари бу мумкин бўлганида ошкор этилади, натижа эса — ўнлаб қурбон бўлган ва яраланган оккупантлардан иборат, улар орасида флот раҳбарияти таркибига кирганлар ҳам бор», — дейилган Бош штабда.

Россия ҳозирча бу маълумотларни тасдиқламаган ва рад ҳам этмаган. Жума куни Россия мудофаа вазирлиги дастлаб ракета ҳужуми оқибатида бир ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини хабар қилганди, кейинроқ баёнот ўзгартириб қўйилди: у ҳалок бўлмагани, балки бедарак йўқолгани маълум қилинган. Шунингдек, Россия ҳарбий идорасидагилар Қора денгиз флоти штабининг тарихий биноси жиддий шикастланганини тасдиқлаган. Россия томони шундан кейин штаб бўйлаб ракета зарбаси тўғрисида хабар бермай қўйди. Россия федерал каналлари ҳам Севастополдаги флот штаби ракета зарбаси шикастлангани тўғрисида хабар беришни тўхтатган.

Planet Labs компанияси Севастопол устида 2023 йил 22 сентябрида олинган сунъий йўлдош тасвирини намойиш этган. Унда РФ Қора денгиз флоти штабига йўлланган ракета зарбасидан кейин шаҳар бўйлаб тутун кўтарилгани акс этган.