Ўзбекистон | 18:36 / 26.09.2023
3116
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тиббиёт талабалари робот-симуляторлар ёрдамида имтиҳон топширади

Тиббиёт муассасаларида симуляторларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон тиббий олий таълимида талабаларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш, уларнинг малакали кадр бўлиб етишишини таъминлашга қаратилган қатор ўзгаришлар амалга оширилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Илм-фан ва таълим бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмоилов маълумот берди.

«2023/2024 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура босқичлари талабаларининг назарий ҳамда амалий билим-кўникмалари инсон омилисиз, махсус робот-симуляторлар орқали баҳоланади», деди Исмоилов.

«Маъмурий ислоҳотлар доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори билан тасдиқланган «Йўл харитаси»да тиббиёт олий таълим муассасалари ҳамда тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш муассасалари учун уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан симулятор ускуналарини харид қилиш вазифаси белгиланган эди. Муассасаларда ушбу ускуналарни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда», деб қўшимча қилди у.

Қайд қилинишича, талабалар клиник имтиҳонлардан ўта олса, шифокор бўлиб ишлашига рухсат берилади

2024-2025 ўқув йилидан барча давлат ва нодавлат тиббиёт олий таълим муассасаларида икки босқичли давлат имтиҳонларини ўтказиш тизими жорий этилади. 1-босқичда талабалар фундаментал фанлар бўйича якуний давлат имтиҳонларини топширса, 2-босқичда клиник фанларни ўзлаштирганлик даражаси баҳоланади. Дастлабки имтиҳонни муваффақиятли топширганларга курсдан курсга ўтишга, клиник билимларга оид синовларда яхши натижа кўрсатганларнинг эса амалиётда шифокор бўлиб ишлашига рухсат этилади. Ординатурага ва интернатурага кириш имтиҳонлари ҳам инсон омилисиз ўтказилади.

Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан 2023/2024 ўқув йилида клиник ординатура ва интернатура йўналиши бўйича имтиҳонларни ташкил этиш мақсадида тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари ва уларни шакллантирувчи экспертлар гуруҳи тасдиқланган.

Бу йилдан бошлаб клиник ординатура ва интернатурага кириш имтиҳонлари инсон омилидан бутунлай холи бўлиши айтилмоқда. Шу пайтгача қабул жараёни суҳбат асосида ўтказилган эди.

Энди тиббиёт олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий тадқиқот институтларида клиник ординатура ва интернатура мутахассисликлари бўйича кириш имтиҳонлари бир босқичли тест синовлари асосида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилади.

Бунда ҳар бир талабгор учун БҲМ ярим баравари миқдоридаги тўлов тегишли тиббий таълим муассасаси томонидан тўлаб берилиши белгиланган. Қабул жараёнлари йилига 2 марта ташкил этилади.

Шунингдек, хусусий тиббиёт муассасалари тор соҳа мутахассислари тайёрлашда иштирок этади. «Йўл хатираси»га асосан етакчи хусусий клиникаларда клиник ординатура дастурлари асосида тор доирадаги мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш кўзда тутилган.

Давлат тиббий олий таълим муассасаларининг хирургия, кардиология, стоматология ва терапия каби қатор кафедраларига ривожланган хусусий кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида ўқув-клиник амалиёт базасини ташкил этишга рухсат берилади.

Хусусий тиббиёт муассасаларининг клиник ординатурага қабул жараёнлари ҳам давлат муассасаларида бўлганидек, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бир босқичли тест шаклида йилига 2 марта амалга оширилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид