Ўзбекистон | 07:55 / 26.09.2023
3449
2 дақиқада ўқилади

Владивостокда вояга етмаган икки фарзанди билан оғир аҳволда қолган аёл Тошкентга қайтарилди

Бош консуллик хорижда мушкул аҳволга тушиб қолган ўзбекистонликка инсонпарварлик ёрдами кўрсатди.

Фото: Дунё АА

Ўзбекистон фуқароси Н.Н. вояга етмаган икки нафар фарзанди билан Владивосток шаҳрида молиявий жиҳатдан мушкул аҳволга тушиб қолгани боис амалий кўмак сўраб бош консулликка мурожаат қилди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Унинг мурожаати ўрганиб чиқилганда, фуқаро жорий йилнинг июн ойида ишлаш учун Россиянинг Приморск ўлкасига фарзандлари билан келгани маълум бўлди. Жорий йил август ойида оилавий жанжал чоғида олинган тан жароҳати туфайли у Владивосток шаҳридаги 2-клиник шифохонаси жонлантириш бўлимида даволанган. Вояга етмаган фарзандлари Владивосток шаҳридаги Приморск ўлка психоневрологик болалар уйига вақтинча жойлаштирилган.

Сўнгра у уй шароитида даволаниб келган, ишлашнинг имконияти бўлмагани боис тиббиёт муолажаларини қоплашда жиддий моддий қийинчиликларга рўпара бўлган.

Фуқаро аризасига мувофиқ, бош консуллик мезбон давлатнинг тегишли ташкилотлари билан музокаралар олиб борган, натижада фарзандлари онасига олиб берилган. 

“Меҳр” лойиҳаси жамғармасидан Ўзбекистонга қайтиши учун она-болаларга Uzbekistan airways авиакомпаниясининг Владивосток–Тошкент йўналиши бўйича ҳаво қатновига чипта харид қилинди. Сўнгра улар Ўзбекистонга кузатиб қўйилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид