Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Владивостокда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик оила ватанга қайтарилди
Россиянинг Владивосток шаҳрида маблағсиз ва бошпанасиз оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик аёл ҳамда унинг вояга етмаган фарзанди Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида ватанга қайтарилди. Оиланинг йўл харажатлари Миграция агентлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланди.
«Дунё» ахборот агентлиги маълум қилишича, Владивосток шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонасига ушбу ҳудудда вақтинча яшаб келаётган ватандош М.Р. мурожаат қилиб, 2023 йилда туғилган фарзанди билан бирга оғир ижтимоий ва молиявий аҳволга тушиб қолганини маълум қилган.
Аниқланишича, фуқаро 2025 йилда турмуш ўртоғининг ёнига Россиянинг Приморе ўлкасига келган. Бироқ жорий йил июн ойида унинг турмуш ўртоғи ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғуллангани учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланиб, суд қарори асосида Ўзбекистонга депортация қилинган.
Шундан сўнг, оила бошлиғисиз қолган аёлнинг топаётган даромади ижара уйи, озиқ-овқат ва ёш фарзандининг кундалик эҳтиёжларини қоплашга етмай қолган. Натижада оила оғир молиявий аҳволга тушган.
Вазиятни ўрганган Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари тезкор чоралар кўрди. Миграция агентлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан она ва фарзанди учун «Владивосток–Тошкент» йўналиши бўйича бепул авиачипталар расмийлаштирилди.
Шундан сўнг, ватандошлар Бош консулхона ходимлари кузатувида Владивосток халқаро аэропортидан Ўзбекистонга соғ-омон жўнатилди.
Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги дипломатик ваколатхоналар хорижда оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий, ташкилий ва амалий ёрдам кўрсатиш ишларини изчил давом эттираётганини таъкидлади.
Мавзуга оид
10:10 / 18.06.2026
Ўзбекистонлик шифокорлар Италияда 5 минг еврогача маош олиши мумкин
14:02 / 09.06.2026
Қозоғистонда ЙТҲга учраган ўзбекистонлик қиз ватанга қайтарилди
21:32 / 02.06.2026
6 вилоятда Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди
08:39 / 28.05.2026