Жаҳон | 08:33 / 27.09.2023
3110
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Қорабоғга инсонпарварлик ёрдамини оширади

ЕИ томонидан ажратиладиган маблағлар Арманистондаги қочқинларга ҳам, Қорабоғда қолганларга ҳам ёрдам кўрсатиш имконини беради. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар инсонпарварлик ёрдами ҳақида эълон қилди.

Фото: Alain Jocard/AFP/Getty Images

Қорабоғ инқирози сабаб ортиб бораётган эҳтиёжларга жавобан Европа Иттифоқи ҳуманитар ёрдам маблағини 5 миллион еврогача оширмоқда. Бу ҳақда 26 сентябр, сешанба куни Еврокомиссия матбуот хизмати маълум қилди. «Қорабоғ анклавида ўткир озиқ-овқат тақчиллиги кузатилмоқда, электр ва сувдан фойдаланиш имкони йўқ. Можаронинг кучайиши ва кейинги ўт очишни тўхтатиш Қорабоғдан Арманистонга аҳолининг оммавий кетишига сабаб бўлиши кутилмоқда», дейилади хабарда.

Брюсселнинг таъкидлашича, 5 миллион евролик маблағ ўтган ҳафта эълон қилинган фавқулодда ёрдам учун 500 000 евро ва 4,5 миллион евро янги молиялаштиришни ўз ичига олади. Ажратилган маблағлар Қорабоғдан Арманистонга ўтаётган қочқинларга ёрдам кўрсатишга мўлжалланган. Бу ёрдам Европа Иттифоқининг Арманистонда ишловчи турли ҳуманитар ҳамкорлари томонидан етказилади ва 25 мингга яқин одамни қамраб олади, дея қайд этди Еврокомиссия. Нақд пул ёрдами, бошпана, озиқ-овқат хавфсизлиги ва тирикчилик учун ёрдам бериш устувор вазифадир.

Европа Иттифоқи Қорабоғга инсонпарварлик масалалари бўйича эксперт юборади

Бундан ташқари, Қорабоғнинг ўзида ҳам заиф қатламларга ёрдам кўрсатилади. У Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси орқали йўналтирилади ва тахминан 60 000 киши учун озиқ-овқат, тиббий хизматлар ва бошқа ёрдамларни ўз ичига олади. «Европа Иттифоқи минтақага ҳуманитар эксперт юбормоқда, у инқирозга тезкор жавоб бериш учун жойларда ҳамкорлар билан яқиндан ишлайди», дея маълум қилди Брюссел.

Еврокомиссия маълумотларига кўра, эълон қилинган янги маблағ билан қўшиб ҳисоблаганда, Европа Иттифоқи 2020 йилда Қорабоғ можароси авж олганидан бери 25,8 миллион евродан ортиқ ҳуманитар ёрдам кўрсатди.

АҚШ Арманистонга 11,5 миллион доллар ажратади

Қўшма Штатлар Қорабоғдан кўчирилган одамларга ҳуманитар ёрдам кўрсатиш доирасида Арманистонга 11,5 миллион доллар ажратади, деди АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) раҳбари Саманта Пауэр. «Маблағлар озиқ-овқат сотиб олишга, ижтимоий ва психологик ёрдамга сарфланади», деди Пауэр Арманистонни Қорабоғ билан боғлайдиган Лочин йўлаги яқинидаги Корнидзор қишлоғида журналистларга.

Қорабоғдан 19 минг аҳоли эвакуация қилинди 

Арманистон ҳукумати Қорабоғдан 19 минг маҳаллий аҳоли эвакуация қилингани тўғрисида хабар берди. Бу ҳақда 26 сентябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Арманистон бош вазири ўринбосари Тигран Хачатрян маълум қилди. 

Бир кун аввал Ереван расмийлари тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси ва Арманистон ўртасидаги чегарани 13,5 мингдан ортиқ одам кесиб ўтгани ҳақида хабар берган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид