2022 йил 24 феврали тонгида Россия қўшини яшин тезлигида Қрим билан боғловчи бўйинни босиб ўтишади ва Украинанинг материк қисмида ҳаракатлана бошлашади. Ярим кун ичида россияликлар 200 километрдан ортиқ масофада ичкари киришади ва Херсонга олиб ўтувчи Антонов кўпригига етиб келишади. Бир неча кун ўтиб ҳажми Швейцарияникидан каттароқ ҳудудлар эгаллаб олинади.

Шундан буён украин жамоатчилиги нега бундай бўлгани ҳақидаги саволларни бот-бот бериб келмоқда. Нима учун Қрим билан боғловчи ҳудуддаги кўприклар портлатилмаган, нима учун мудофаа тегишли тартибда ташкил этилмаган ва нега бу йўналиш қўшимча кучлар билан кучайтирилмаган?

Ҳуқуқ-тартибот органлари эса ўз суриштирув ишларини олиб бормоқда. BBC тор сиёсий доираларда «Залужний иши» деб аталувчи ушбу иш тафсилотларини аниқлашга ҳаракат қилиб кўрди.

Жануб қандай босиб олинганди?

Чўнғар бўғози ва Қрим яриморолини материк қисми билан боғловчи тор бўйин, мудофаа яхши ташкил этилган ҳолатда, амалда енгиб ўтиб бўлмас тўсиқ деб ҳисобланарди. Аммо барчаси буткул бошқача ривожланди.

Чўнғардаги кўприклар портлатилмади, Херсон области ичкариси томон тезкорлик билан ҳаракатланган Россия қўшини сон жиҳатдан ва техникалар бўйича устунлик қилгани туфайли украин ҳарбийлари чекинишга мажбур бўлади.

Россияликлар бир неча кун ичида Украина жанубида Швейцария майдонига тенг ҳудудларни босиб олганди

Орадан бир ярим йил ўтди, Украина Херсон шаҳрини қайтариб олди, жамоатчиликда эса ҳамон «жанубни ким топширгани» масаласида муҳокамалар давом этмоқда. Кимдир Қрим бўйнидаги кўприклар портламаганига босқин арафасида хоинлар у ердаги портловчи моддаларни зарарсизлантирганини сабаб сифатида келтирса, бошқалар россияликларнинг диверсия гуруҳи симларни кесиб ташлагани портлашлар рўй беришига имкон бермаганини айтади. Шунингдек, хизматга лоқайдлик билан қараш версияси ҳам бор — унга кўра, ҳеч ким ҳеч нарсага тайёрланмаган ва ҳеч қаерни миналаштирмаган.

Бу масалада ҳукумат расмийлари ҳам тез-тез изоҳ бериб турибди. Аммо бунда фикрлар иккига бўлинган. Мудофаа вазирлиги ва Бош штаб керакли жойлар миналаштирилгани, аммо украин ҳарбийлари сон жиҳатдан ўн баробар устун қўшинга қарши туришига тўғри келганини иддао қилади. Бу ҳолатда кўприклар портлатилиши вазиятга сезиларли таъсир кўрсатмасди, деган фикрда ҳарбий қўмондонликнинг айрим вакиллари.