Жамият | 12:19 / 28.09.2023
36096
6 дақиқада ўқилади

Ёнғин содир бўлганда нима қилиш керак? — хавфсизлик қоидалари ва асосий тавсиялар

Ёнғин юз берганда уни ўчириш учун қилиниши керак бўлган дастлабки ҳаракатлар, хавфсизлик қоидалари, уй, кўп қаватли бино, автомобил, жамоат транспорти, ўрмон ёки даштда содир бўлса, нима қилиши кераклиги, ўт ўчирувчиларга хабар бериш тартиби ҳақидаги маълумотларни Kun.uz бир саҳифага жамлади.

Ёнғин вақтида қандай ҳаракатланиш керак?

•   Оғиз ва бурунни мато билан ёпинг, имкони бўлса нам мато билан;

•   Ёнғиндан узоқлашинг;

•   Кўп қаватли уйда бўлсангиз, лифтдан фойдаланманг;

•   Ойнани очиб, ошиқча кислороднинг хонага киришига йўл қўйманг, акс ҳолда портлаш содир бўлиши мумкин;

•   Ёнувчан суюқликларни (бензин, керосин ва бошқалар), шунингдек, электр энергиясига уланган ёниб турган электржиҳозларни сув билан ўчирманг.

101 — ўт ўчирувчиларга хабар бериш тартиби:

•   Ёнғин чиққан манзилни аниқ айтинг;

•   Ёнғин объектини айтинг (уйда, квартирада, омборхонада ва ҳоказо);

•   Ёнғин предметини айтинг (лифт, телевизор, автомобиль, музлаткич ва ҳоказо)

•   Зарур бўлса — подъезд ва хонадон рақами, бинонинг қават, ҳудудга қаердан бориш/кириш қулайлигини ҳам билдиринг;

•   Фамилиянгиз ва телефон рақамингизни қолдиринг;

•   Аниқ ва хотиржам гапиринг.

Хона ичида, кўп қаватли бино ёки одам гавжум жойда ёнғин чиқса:

•   Агар ёнғин катта бўлмаса, уни исталган мавжуд воситалар ёрдамида ўчиришга ҳаракат қилинг: ўт ўчиргич, исталган зич мато, қум, сув ва бошқалар;

•   Электр симлари билан боғлиқ ёнғин чиқса, махсус шитдан таъминотни узинг;

•   Қўшни хонадагиларни, ходимларни ёнғиндан огоҳлантириб, эвакуацияга чорланг;

•   Газни ўчиринг;

•   Электржиҳозларни таъминотидан узинг;

•   Чиқиб кетиш имкони бўлса, ёнғин майдонини тарк этинг;

•   Кексалар ва ёшларга ёнғин ҳудудини тарк этишга кўмаклашинг;

•   Подъезд ёки коридор тутун билан тўлишни бошласа, чиқиш эшигига эмаклаган ҳолда боринг;

•   Хавфсиз жойни танланг;

•   Агар хонадан зинапоя орқали чиқиш имкони бўлмаса, хона тутун билан тўлмаслиги учун эшикни ичкаридан нам мато билан ёпинг;

•   Ёнғин шамол сабаб аланга олмаслиги учун эшик ва деразаларни ўт ўчирувчилар келгунча ёпиш лозим;

Автомобил ёки жамоат транспортида ёнғин чиқса:

•   Ҳайдовчига ёнғин ҳақида хабар беринг;

•   Машинани тўхтатинг, двигателни ўчиринг, уни тарк этинг;

•   Жамоат транспортида авария люки ва ён ойналардан фойдаланиб, тартиб билан ташқарига чиқинг;

•   Ўт ўчирувчилар келгунча ёнғинни ўт ўчиргич, қум, сув ёки қор билан (қишда ва қор бўлса) ўчиришга ҳаракат қилинг;

•   Машина капотида ёнғин чиқса, уни қўл билан ўт ўчиргичсиз очманг. Очиш вақтида ҳаво оқими сабаб ёнғин аланга олиши кучаяди;

•   Ёқилғи баки портлаши хавфи борлиги сабаб, ёнғинни жиловлаб бўлмаса, машинадан узоқлашинг.

Дашт ёки ўрмонда ёнғин юз берса:

•   Ёнғинни зич мато, тупроқ, баргли дарахт шохлари билан ўчиришга ҳаракат қилинг;

•   Агар ёнғинни ўчирган бўлсангиз, бунга амин бўлинг, қайта аланга олмаслигига ишонч ҳосил қилинг;

•   Ёнғин кучли бўлса, ундан узоқлашинг. Ёнғин тарқалишига перпендикуляр ҳаракат қилинг;

•   Кетиш имкони бўлмаса, яқин атрофда сув (сақлагич, цистерна, қудуқ ва ҳоказо) бўлса, унга тушинг ва бош қисмингизни нам мато/кийим билан ёпинг олинг;

•   Ёнғин очиқ майдонда бўлса, тутун камроқ жойда эгилиб ҳаракатланинг.

Ёнғин вақтида нима қилмаслик керак:

•   Эсдан чиққан буюмни олиб кетиш учун ёнғин жойига қайтманг. Бу ёнғин вақтида энг кўп такрорланадиган хатолардан бири. Тартибсизлик орасида сизни ҳеч ким изламаслиги ҳам мумкин. Соғлингиз ҳеч бир буюмдан устун эмас;

•   Ёнғинни ўчиришга кўзингиз етмаса, охирги дақиқагача уни бартараф этиш учун қолиб кетманг. Бу фожиали якунланиши мумкин. Жиддий куйиш жароҳати олиш хавфидан ташқари тутун сабаб одам ҳушидан кетиб, бинода қолиб кетиши мумкин. Ёнғин вақтида ўлим ҳолатлари кўпроқ оловдан эмас, балки айнан тутундан бўғилиб қолишдан содир бўлади;

•   Ёнувчан моддаларни сув билан ўчирманг. Агар сув билан ўчирилса, ёнғин тез тарқалиб кетади;

•   Балкон ёки деразадан қутқарувчиларсиз юқори қаватдан тушишга ҳаракат қилманг. Арқон ёки матолар билан тушишга ҳаракат қилиш якунда жиддий жароҳатлар билан якунланиши мумкин;

•   Ёнғиндан қочиб юқори қаватга кўтарилманг. Ёнғин ва тутун тепага қараб кўтарилади. Лифтдан эмас, зинапоядан тушинг;

•   Каравот тагига ёки шкаф ичига яширинманг. Қутқарувчилар сизни топа олмаслиги, тутундан бўғилиб, ҳушдан кетган ҳолда қолиб кетишингиз мумкин.

Мавзуга оид