Йўллар, кўчалар кўз ўнгимизда автотранспортлар билан тўлиб боряпти. Шаҳарлар марказларида тирбандликлар жиддий муаммога айланиб, тезкор ечимларга эҳтиёж кундан кунга ортмоқда. Кечаги шаҳарсозлик нормалари эса бугунги кун талабига жавоб бермаяпти. Таклифлар йўқ эмас. Шаҳарсоз билан суҳбатимиз тирбандликлар, муаммоли чорраҳалар ва йўл ўтказгичлар мавзуси таҳлилига бағишланади.
Шаҳарсоз Искандар Солиев билан пойтахтда қурилган кўприклар ва эстакадалар бўйлаб қилган суҳбатимиз давомида уларнинг шаҳар учун қанчалик керакли ёки аксинча экани ҳақида гаплашдик.

— Пойтахтда, вилоят марказларида, умуман, республикамиздаги шаҳарларда йўл ўтказгичлар, эстакада, кўприкларга эҳтиёж қай даражада? Айни қайси бирига бизда эҳтиёж кўпроқ ва нима учун?
— Йўл ўтказгичларга ҳам, эстакадага ҳам эҳтиёж йўқ. Шаҳар ичидаги чорраҳаларда светофорлар билан ҳал қилса бўлади. Шаҳарга кириш қисмларида эстакадалар қилиш мумкин. Бу амалиёт дунё мамлакатларида бор, яъни эстакадаларсиз ҳам муаммони ҳал қилиш мумкин, лекин анча ақлли лойиҳа керак бўлади бунга.
Шаҳар ичида эстакада ва кўприклар шартмас деганимга биринчи сабаб ўша кўприклар қилинган ҳудуд иккига ажралиб, кўприк бор жой жонсиз бўлиб қолади. Пиёдалар ҳаракати чекланади, кўплаб бетон-асфальт сарфланиб, катта ҳудуд эгалланиб, табиатга зарар етади, яшиллик камаяди. Умуман, бу орқали тирбандлик ечилиб қолмайди. Тирбандликни жамоат транспортларини кўпайтириб, алтернатив ҳаракатланувчи (велосипед, скутер) воситалар орқали ечиш мумкин. Одамлар енгил автомобиллардан ташқари ҳам бошқа воситалардан фойдаланишга ўрганиши керак.
— 21-аср шаҳарсозлигида йўллар автомобиллар учун қулай бўлиши керакми ёки пиёдалар учун?
— Биринчи ўринда пиёдалар учун қулай ва хавфсиз бўлиши керак. Кейинги ўринларда велосипед, самокат кабиларга, жамоат транспортларига.
– Атрофдаги жонли муҳитни «ўлдирган» ҳудудларни санаб бера оласизми?
– Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий кўчасида, Эко парк ёнида, Муқимий кўчасида кўприклар туфайли жонли муҳит йўқолган. Пиёдалар учун қилинган кўприклар ҳам ўзини оқламайди аслида, фақат ҳаракатни чеклаб, ноқулайлик туғдиради. Шаҳар ичида фақат светофорлар билан ўтиш мумкин бўлиши керак. Тезликни ҳам камайтириш лозим шаҳар ичида, бу қанчалик радикал ечим бўлмасин, қилиш керак. Чунки оқибатлари ёмон бўлади бундай ҳолатдаги ЙТҲларнинг.















