2023 йил Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё ташқи сиёсатида юқори фаоллик сезилмоқда. C5+1 форматидаги мулоқот доиралари сони ўндан ошди. Куни кеча бу рўйхатга Германия ҳам қўшилди.

29-30 сентябр кунлари Берлинда биринчи Марказий Осиё-Германия саммити бўлиб ўтди. Саммитнинг аҳамияти ва у бўлиб ўтган геосиёсий контекстни муҳокама қилиш мақсадида студиямизга сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимовни таклиф этдик.

— Германия-Марказий Осиё муносабатларининг ўзагида қандай манфаатлар мавжуд?

Фарҳод Толипов: — Германиянинг Марказий Осиёга нисбатан ўз қарашлари, стратегияси доим бўлган. ЕИнинг энг кучли давлатларидан бўлган Германия 90-йиллардан бошлаб Марказий Осиёга қаратилган махсус стратегия ишлаб чиқиб ҳаракат қилган. Тартиблаштирилган махсус ҳужжат 2008 йилдан бошлаб ЕИнинг Марказий Осиё стратегияси деб юритила бошланган. Шу стратегиянинг ишлаб чиқилишида Германия ташаббускор бўлган. 2019 йилда қабул қилинган янги стратегияда ҳам айнан Германия ташаббус кўрсатди.

Тарихдаги империялар ўртасидаги кураш даврида ҳам Германиянинг Марказий Осиё, Афғонистонга нисбатан ўз қарашлари, позицияси бўлган. Умуман, ҳар доим Германия Марказий Осиёга муҳим минтақа сифатида қараган.

Ўзбекистон ва Германия муносабатлари кенг қамровли. Статистик маълумотларда ҳам кўриш мумкин: Ўзбекистон ташқи савдосида ЕИ давлатлари ичида Германия биринчи ўринда турибди. Шунингдек, Германия энг йирик инвесторлардан бири ҳисобланади.

Камолиддин Раббимов: — Германия – ЕИдаги Ўзбекистон билан жуда вазмин ва ишончли муносабатлар тарафдори бўлган давлат. 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг коллектив Ғарб Ўзбекистонга санкциялар қўлламоқчи бўлганда, Германия буни қўллаб-қувватламаган ва қўлланган санкцияларни тезроқ олиб ташлаш тарафдори бўлган. Аҳоли сони бўйича ЕИдаги энг катта давлат Германия ҳисобланади, тахминан 80 млндан ошиқ. ЕИнинг иқтисодий лидери.

Германия Марказий Осиё бўйича янги ташаббуслар кўрсатяпти. Ўтган ҳафтада Европа Иттифоқи эмас, ўз номидан 5 та давлатни таклиф қилди. Марказий Осиё давлатлари президентлари билан ёпиқ эшиклар ортида мулоқот бўлди.

Биринчи контекст Украинадаги уруш бўлган, менимча. Кейинги масала эса Хитой ва Россия тандеми шаклланаётган бир даврда Марказий Осиё билан иқтисодий алоқаларни кучайтириш. Бу икки давлатнинг минтақамиз давлатларидаги иқтисодий улуши, таъсири катта, шунинг учун бу улуш камайтирилмас экан, табиий равишда геосиёсий таъсир бўлаверади. Шу сабабли мувозанатни сақлаш учун АҚШ ва ЕИнинг минтақа билан ҳамкорлиги ошиб бориши мақсад қилиняпти.