«МЮ» ўйинни жуда тетик ва кучли бошлаб, рақибни дарҳол таслим этмоқчи эканини намойиш этди. Рэшфорднинг қанотдан узатмасидан Ҳойлунд ҳисобни очганида бу муқаррардек кўринаётганди. Лекин кейин «қизил иблислар» бу мавсумдаги ўзига хос ҳолатига қайтишди. Ўз дарвозаси олдида ҳам, рақиб дарвозаси томонда ҳам.
Биринчи эпизод — Заа жарима майдони ичида тўп учун курашда Диогу Далотдан устун келди ва «Олд Траффорд»даги ҳуштакбозликлар фонида ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи эпизод — ўта қулай позициядан ҳужум қилган Маунт дарвоза тўрини эмас, ўз жамоадоши Межбрини нишонга олди. Учинчиси — Санчес майдон марказида тойиб кетди ва Ҳойлунд яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, жамоасини яна олдинга олиб чиқди.
Лекин Эрик тен Ҳаг хурсандчилик қилишга улгурмади. Тўрт дақиқа ўтмасдан меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришди. Ва бу ҳали ҳммаси эмасди. Ушбу мураббий қаттиқ ҳаракат қилиб олиб келган Онана яна уялтирди, унинг ҳимоядан чиқишдаги хато узатмаси нафақат дарвозага пеналти қўйилишига, балки Каземиро четлатилишига олиб келди. Икарди «нуқта»дан аниқ зарба беролмаган бўлса-да, бир киши кам бўлиб қолган мезбонлар ҳисобни ушлаб қола олишмади. Иккинчи жавоб голида ҳам хатога йўл қўйган Амрабат қанот ҳимоячиси вазифаси умуман унга эмаслигини кўрсатиб берди — у тўпни майдон марказига узатганида Санчес тўпни тўсиб чиқиб, боши билан олдинга ташлаб берганида ортда қолиб кетди ва офсайд чизиғини ушлай олмади, Икарди эса «Юнайтед»ни нокаутга учратди.
Англияликлар мавсумдаги ўн ўйинда 18 гол ўтказиб юборишди. Бу уларнинг 1966 йилдан буён энг ёмон натижасидир. «Галатасарой» эса айнан шу жамоага қарши ўйинда илк бор Британия оролларида ғалаба қозона олди.
Копенҳагендаги параллел учрашувда «Бавария» узоқ вақтгача ўз мақсадига эриша олмади. Жамоа ташаббусга эгалик қилаётгандек кўринарди, аммо танаффусгача бўлган вақтда кутилган голлар коэффициенти бўйича ҳам данияликлардан ортда эди (xG бўйича 0,21 га қарши 0,17). Якунда «Копенҳаген» танаффусдан кейин ҳисобни очди. Классоннинг зарбаси ҳимоячи тўсди, аммо тўпни эгаллаб олган Лерагер дарвоза бурчагини ишғол этди. Ва шундан кейингина — Томас Тухел ҳужум чизиғини икки янги футболчи билан кучайтиришга ҳозирланаётганида — Мусиала рейд амалга ошириб, рақиб дарвозасининг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди.
Мураббийнинг кейинроқ амалга оширган алмаштиришлари ҳам иш берди. Кексаликни тан олмаётган Мюллер тўпга ёпишиб олди ва финт билан икки ҳимоячини зарарсизлантириб, тўпни учинчисининг ёнидан думалатиб қулай позицияга очилиб келган ёш жамоадоши Телни голли пас билан таъминлади. Ўйинни кўрмасдан, фақат натижага қаралса, немислар савия ҳисобига уч очкосини олгандек тасаввур уйғониши мумкин. Аммо агар Улрайҳ қўшимча дақиқаларда Шупо-Мотингнинг оёғи орқали рикошет бўлиб келган зарбани ақл бовар қилмас реакция билан қайтармаганида, ҳеч қандай ғалаба ва Чемпионлар лигаси рекорди ҳам бўлмасди. «Бавария» гуруҳ босқичидаги ғалабали сериясини 18 ўйинга етказиб, «Барселона»нинг натижасини янгилади.
Лансда жамоалар том маънода ким кўпроқ қўпол хатога йўл қўйиш бўйича мусобақалашишди. Дастлаб мезбонлар «минус» баҳо олишди ва тўпни эгаллаб олган Сака уни дарҳол олдинга ташланган Габриэл Жезусга узатди, бразилиялик ҳужумчи ҳимоячилар ва дарвозабонни доғда қолдириб, ҳисобни очди. Кейин эса «Арсенал» оёқда ўйнаш хислатлари учун сотиб олган Райя уялтирди, у ҳимоячи вазифасига киришди, аммо унинг қанотга узатмаси ўхшамади, дарвозабон тўп олдирилиши билан ортга қайтган бўлса-да, Томассон Ваининг узатмасидан кейин тўпни узоқ устун томон айлантириб йўллади ва дарвозабонда хатони тузатиш имкони бўлмади.
Аммо бу Саканинг жароҳати билан солиштирганда арзимас эпизод эди — «канонирлар»нинг асосий футболчиси якшанба куни «Манчестер Сити»га қарши ўйинда тушиши даргумон. Ушбу вингернинг Микел Артета тизимидаги аҳамиятини тўлиқ тушуниш учун рақамларга қараш кифоя: у бу мавсумда топ-5 лигаларда голлари ва узатмалари сони бешдан ошган илк футболчи бўлди. Сакасиз қолган жамоа эса натижага эриша олмади, Троссар ва Томиясуда имкониятлар бўлганди, аммо уларнинг зарбаларини мезбонлар дарвозабони қайтарди. Ўйин тақдирини Ваининг узоқ бурчакка йўллаган зарбаси ҳал қилди. «Ланс» ақл бовар қилмас натижа қайд этмоқда — французлар ЕЧЛда қаторасига олтинчи ўйинда биринчи бўлиб гол ўтказганига қарамай ютқазмади (+3=3).
Эйндҳовенда эса барчаси парадоксал тус олди. ПСВ босим қилди, вазиятлар яратди ва танаффусга қадар 12 бор зарба йўллади. Аммо иккинчи бўлим бошланиши билан «Севиля» дарвозани ишғол қилди, Педросанинг зарбаси мезбонлар ҳимоячиси Рамалио орқали дарвозага кирди. Аммо VAR андалусияликларнинг байрамини бекор қилди, бу вазиятда гол муаллифи қўл билан ўйнагани маълум бўлди. Табиийки, меҳмонларнинг эътирози ҳеч қандай наф бермади, фақат Мендилибарнинг ёрдамчиларидан бири қизил карточка олди.
Шундан кейин ўйин триллер режимига ўтди. Бирга-бир вазиятга чиқиб кетган Окампоснинг зарбаси тўсинга тегди. Серхио Рамос аввалига дарвозага кириб кетган Гуделнинг оёқларига тўпни ташлаб берди, кейин эса ўз жамоаси жарима майдонида фол ишлатиб, рақиб ҳисобни тенглаштиришига сабабчи бўлди. Бошқа бир фахрий футболчи ҳам ҳақиқий драмани бошдан кечирди — Люк де Йонг. Собиқ клубига гол уриб, Нидерландия клубларининг еврокубокдаги энг яхши тўпурарига айланган (30 гол) ушбу форвард жамоадошлари «Севиля»га тўпни майдон марказидан ўйинга киритиб, бир неча пас билан Ан-Носирийнинг бошига етказиб беришига қандай йўл қўйганини тушуна олмасди.
Аммо қўшимча дақиқалар охирида ПСВ Тезенинг голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. Натижада «Арсенал» бу турда мағлубиятга учраганига қарамай, иккинчи ўринда қолди.
Куннинг энг драматик ўйинларидан бири биринчи бўлиб ўтказилди, унда Берлиннинг «Унион»га мухлислик қилувчи қисми ҳақиқий шок ҳолатни бошдан кечирди. Чунки Гозенснинг тезкор голи офсайд туфайли бекор қилинганига қарамай, барчаси улар учун жуда ажойиб бошланганди. Гол бекор қилинган бўлса-да, ҳеч қиси йўқ — Германия чемпионатининг ўтган мавсумдаги қаҳрамонларидан бири Беккер дубл расмийлаштирди.
Кейин эса барчаси бошдан оёқ ўзгариб кетди, тақдир Ниакатедан қарзини қайтарди. Биринчи турда ушбу ҳимоячи ўз дарвозасини ишғол этиб қўйган ва «Наполи»дан учралган мағлубиятга асосий сабабчига айланганди, бу сафар эса у қайтган тўпга зарба бериб, ҳисобни қисқартирди.
👌 Bruma's perfect curler
🍑 A peach from Álvarez
🌍 Schär's worldie from range
🌪️ Bellingham's solo brilliance
Иккинчи бўлимда эса «тўққизлик»ни аниқ нишонга олган Брума мувозанатни тиклади, қўшимча дақиқаларда эса «Брага» сафида кутилмаган қаҳрамон ўзини кўрсатди — мавсум бошидан буён фақат ярим соат майдонда бўлган Каштру. Буни сенсация дейиш қийин, куз бошланганидан буён инқироз ҳолатидан чиқиб кета олмаётган «Унион» бунгача ҳам
беш ўйинда ютқазганди, португаллар жамоси эса Германия вакилларига қарши сўнгги беш ўйиндан тўрттасида ғолиб бўлишган.
Неаполда ўйнаш осон эмас. «Наполи» олти йилдан буён ЕЧЛда ўз уйидаги ўйинларда ютқазмаган. «Реал»га қарши ўйин арафасида ҳам Италия чемпионлари яққол аутсайдер сифатида қаралмаётганди, чунки қайта қуриш босқичида туурган мадридликлар мавсумни идеал бошлай олмади. Испанларга бу ўйинда жароҳатидан тузалмаган Куртуа ва Эдер Милитао, шунингдек Алаба ёрдам бера олмасди, шундай эканн, жамоадаги заиф чизиқ олдиндан маълум эди — мудофаа маркази.
Шу билан бирга, «Наполи»да ҳам бу чизиқда муаммо бор. Ким Мин Жэ «Бавария»га кетган, Рраҳмани ва Жуан Жезус жароҳатланган, шунинг учун мезбонларнинг ҳимоя маркази тажрибавий кўринишда эди. Аммо заиф кўринган бўғин энг кучлиси бўлиб чиқди: ўйинда ҳисоб айнан марказий ҳимоячилар ва Кварацхелиянинг саъй-ҳаракатлари билан очилди. Хвича тўпни бурчакдан ошириб берди, Натаннинг зарбаси тўсиндан қайтди, Эстигор эса барчадан илдамроқ ҳаракат қилди.
Бу ўйинда стандарт вазиятлар «Наполи»нинг асосий қуролига айланди ва бунда гуржистонлик ҳавбек асосий ролни бажарди. Руди Гарсия жамоасида бурчак зарбаларини ижро этувчи муайян футболчи йўқ ва бу ўйинда ҳам тўпга гоҳ Зелински, гоҳ Политано яқинлашди. Аммо Хвичанинг узатмалари ҳамманикидан яхшироқ чиқди: биринчиси голга олиб келди, иккинчисидан кейин тўп қулай вазиятда турган Осимҳеннинг бошига келиб тушишига сал қолди.
Албатта, ўтказилган голда Кепа яққол айбдор эди — Ариссабалага дарвозадан чиқишда хатога йўл қўйди ва «Реал»нинг мухлислари яна бир бор Куртуани ёдга олишди. Аммо, уларнинг бахтига, футболда фаат дарвозабонлар ўйнамайди, мадридликлар жамоаси ҳужум чизиғида эса жавоҳирлар етарлича топилади.
Карло Анчелотти бу мавсум учун одатийга айланган, майдон марказида ромб ҳосил қилишни назарда тутувчи 4-3-1-2 схемасини танлади ва «Реал» бу ўйинга ҳам номинал марказий форвардсиз чиқди. Шу билан бирга, соғайиб сафга қайтган Винисиус Беллингҳем билан ажойиб шоу уюштирди. Айнан шу жуфтлик жавоб голини ташкиллаштирди: англиялик футболчи Ди Лоренцонинг кучсиз узатмасидан кейин тўпни олиб қўйди ва бразилиялик шеригига ассист берди.
Беллингҳем — замонавий футболдаги алоҳида шахслардан бирига айланмоқда. Ёзда Дортмунддан Мадридга келган 20 ёшли яримҳимоячига ҳеч қандай мослашиш даври керак бўлмади ва у Европани забт этишда давом этмоқда. Бир йил муқаддам Жуд «Боруссия» сафида ЕЧЛнинг гуруҳ босқичидаги дастлабки тўрт ўйинда гол урганди, бу мавсумда эса ўз рекордини янгилаш томон бормоқда. Беллингҳемнинг голи икки ҳафта олдин «Реал»га Берлиннинг «Унион» клубига қарши кечган қийин ўйинда ғалаба келтирганди, бу сафар эса янада кучлироқ ўйин намойиш этди ва ҳақиқий шедевр яратди: 34-дақиқада у тўпни майдон марказида эгаллаб олиб, зигзаг ҳаракат билан рақиб дарвозасигача етиб борди ва «Реал»ни олдинга бошлади. Жуд испан гранди сафида мавсум бошидан буён урган гол ва пас бўйича «8+3» кўрсаткичини қайд этмоқда — ёш янги футболчи учун феноменал рақамлар.
Жамоалар танаффусгача яна голлар уриши мумкин эди, аммо Родриго ва Осимҳен ўз вазиятларидан фойдалана олмади. «Реал»ни бу ҳисоб қониқтирарди, «Наполи»дан эса янада яхшироқ ҳаракат қилиш талаб этиларди. Ва мезбонлар буни уддалашди.
Дастлабки 45 дақиқаликда мадридликлар ўйиннинг 57 фоиз вақтида тўпга эгалик қилишди, аммо танаффусдан кейин бу нисбат 180 даражага ўзгарди. Анчелотти интизомли ҳимоя эвазига юқори прессингдан воз кечди, Гарсия эса бундан фойдаланди. «Наполи» босимни кучайтирди ва пеналти ишланди — Зелински ҳисобни тенглаштирди.
Шундан кейин Хвичанинг вақти келди: Кварацхелия уч бор яхши вазиятга эга бўлди. Аммо гуржистонлик ҳавбекка омад ва аниқлик етишмади. Бу оқшомда чиройли голлар фақат «Реал» футболчилари томонидан урилди.
Мадридликлар фақат 65-дақиқадан кейин, майдонда Модрич пайдо бўлганида уйғона бошлади ва тўп назоратини ўзига қайтарди. Беллингҳем дублга яқин келди, аммо унинг ноқулай вазиятдан берган зарбаси бўш дарвозага киришни истамади. «Реал» барибир ғалаба голини уришга эришди. Барчасини Валверде амалга оширди: уругвайлик футболчи кучли зарба билан стадионда йиғилган мухлислар устидан сув қуйиб юборди. Тўп Меретнинг елкасига теккан ҳолда бироз йўналишини ўзгартириб дарвоза тўсини остидан тўрга бориб тушди. Қоидага кўра, бу автогол сифатида «Наполи» дарвозабони номига ёзилди, аммо амалда бу — Валверденинг шедевр голи эди.
«Наполи»да эса ўйин охирида Кепа қўриқлаётган дарвоза томон тўлиқ жамоа бўлиб ёпирилса-да, натижани ўзгартира олмади. Испаниялик дарвозабон энг яхши ўйинини кўрсатмаган бўлса-да, дарвозасидан бошқа гол ўтказмади ва «Реал» Неаполдан уч очко олиб қайтди.
Миландаги ўйин, табиийки, баҳордаги чоракфинал ремейки сифатида қаралаётганди. Аммо ўшанда Италияда шиддатли дуранг қайд этилганди (3:3), сешанба оқшомида эса — икки жамоа ҳарчанд хоҳламасин — ўйин голларга бой бўлмади. Биринчи бўлимда, «Интер» ҳам, «Бенфика» ҳам деярли голли вазиятлар ярата олмади.
Танаффусдан кейин ўйинга тезлик қўшилди. Аммо ўтган ҳафта охирида А Серия ўйинида захирадан тушиб, покер қайд этган Лаутаро Мартинесда голлар лимити тўлиб бўлгандек эди. Унинг ўйинига Давид Нерес билан тўқнашув ҳам ўз таъсири ўтказган бўлиши мумкин, ушбу футболчи газонга йиқила туриб бутсаси билан аргентиналик футболчининг юзига зарба бериб юборди. Якунда Мартинес учта қулай имкониятни йўққа чиқарди, унинг зарбалари тўсинга ёки устунга тегди, яна бир вазиятда эса дарвозабондан ўтиб, зарба берганида Аргентина миллий жамоасидаги жамоадоши Отаменди тўпни қайтариб қолди. «Нерадзуррилар»ни эса бу сафар ҳам Тюрам қутқарди ва Дюмфриснинг узатмасидан кейин дарвозабонга имконият қолдирмади.
«Реал Сосиедад» сафар ўйинида амалда биринчи бўлимдаёқ барчасини ҳал қилди. Баскларнинг икки голи ҳам чиройли чиқди. Биринчиси — яна ўзининг энг яхши формасига қайтаётган Ойярсабалнинг индивидуал маҳорати эвазига урилди. Сардор финт билан ҳимоячини йўлдан олди ва Австрия миллий жамоаси посбони Шлагерни гипноз қилгандек қотириб қўйиб, тўпни дарвоза бурчагига йўллади. Чемпионлар лигасидаги иккинчи ўйинида ҳам дарвозани ишғол этган Мендесга тўпни Кубо «Залцбург»нинг икки ҳимоячиси орасидан етказиб берди. Иккинчи бўлим бошида арбитр меҳмонлар дарвозасига пеналти қўйганди, аммо видеотакрордан кейин бу вазиятда аслида мезбонлар ҳужумчиси Шимич рақиб дарвозабони Ремиронинг оёғини босиб олгани аён бўлди.
Турнир тарихида илк бор VAR қарори билан «Реал» дарвозасига пеналти қўйилди.
«Реал» сафида ЕЧЛдаги дастлабки икки ўйинида гол киритган Беллингҳем бу борада Кристиан Карамбе (1998) ва Криштиану Роналдудан (2009) кейинги 3-футболчи бўлди.
«Галатасарой» яримҳимоячиси Оқтуркўғли ЕЧЛда сафар ўйинларида 5-голини урди — бу туркиялик футболчилар учун еврокубоклардаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади.