4 октябр, чоршанба куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси (ИҲОКБ) 2023 йил 1 февралдан 31 июлгача бўлган даврда Украинада инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақидаги сўнгги ҳисоботини эълон қилди. У БМТнинг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси (ИҲММ) фаолиятига асосланади.
Ҳужжатда қайд этилишича, «Россиянинг Украинага кенг кўламли қуролли ҳужуми натижасида бутун ҳисобот даврида тинч аҳолига жиддий ва кенг кўламли зарар етказилган, жумладан, ўлимлар, ҳаётга хавф туғдирувчи жароҳатлар, уй-жойлар ва тирикчилик воситалари йўқолган». Ҳисобот даврида ИҲОКБ 4621 нафар тинч аҳоли вакиллари орасидан қурбонларни қайд этган, улардан 1028 нафари ҳалок бўлган ва 3593 нафари яраланган. Уруш қурбонлари орасида 139 нафар ўғил бола, 94 нафар қиз бола ва 16 нафар жинси ҳозирча номаълум бола бор, дейилади ҳисоботда. Қурбонларнинг ҳақиқий сони юқори бўлиши мумкин.
Жинсий зўравонлик
ИҲОКБ ҳисобот даврида россиялик ҳарбий хизматчилар ва россиялик қамоқхона ходимлари томонидан тўрт эркак ва бир аёлга нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик ҳаракатларини қайд этган. «Бу ҳолатлар Россия ҳарбий хизматчилари томонидан илгари ҳужжатлаштирилган жинсий зўравонлик ҳолатларига мос келади», дейилади ҳисоботда. Жинсий зўравонлик кўпинча жабрланувчиларни озодликдан маҳрум қилиш билан бирга кузатилган.
Ўзбошимчалик билан қўлга олиш ва қамоқда сақлаш
Украинанинг Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудида ҳисобот даврида ИҲОКБ 43 нафар тинч аҳолини (35 эркак ва 8 аёл) ўзбошимчалик билан қўлга олиш ва қамоқда сақлаш ҳолатларини қайд этган. 2022 йил февралидан бери 996 нафар тинч аҳоли ўзбошимчалик билан ушланган. Улардан 80 нафари ҳибсда вафот этган ёки жасадларида зўравонлик излари билан ўлик ҳолда топилган, 468 нафари эса шу кунгача ҳибсда қолмоқда.
Шу билан бирга, ИҲОКБ ҳисобот даврида Украина хавфсизлик кучлари томонидан ўзбошимчалик билан қўлга олиш бўйича олтита ҳолатни (тўрт нафар аёл ва икки эркак) ҳужжатлаштирган. Ушланганларнинг аксарияти Россия ҳарбийлари билан ҳамкорлик қилиш ёки уларга бошқа шаклларда ёрдам кўрсатишда гумонланган.
Ҳарбий асирларнинг ўлими
ИҲОКБ украиналик ҳарбий асирларнинг жами қатл этилиши бўйича олтита қўшимча ҳолатни ҳужжатлаштирди, уларнинг барчаси ҳисобот давридан олдин содир бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, украиналик ҳарбий асирларга нисбатан қийноқлар ва шафқатсиз муносабат, шунингдек, уларни ушлаб туришнинг даҳшатли шароитлари, жумладан, мажбурий меҳнат ҳақидаги хабарларни ҳужжатлаштиришда давом этмоқда. «Ҳисобот даврида ИҲОКБ томонидан сўралган 56 нафар украиналик ҳарбий хизматчидан 51 нафари турли қийноқлар ва шафқатсиз муносабатга дучор бўлганини маълум қилган», — дейилади ҳужжатда. ИҲОКБ, шунингдек, 26 нафар россиялик ҳарбий асир билан суҳбат ўтказди, улардан 12 нафари сўроқ пайтида расмий интернирация жойларига олиб кетилгунга қадар қийноққа солинган ёки шафқатсиз муносабатда бўлганини айтди. Бироқ, ИҲОКБ Лвив ҳарбий асирлар лагеридаги ҳарбий асирларга муносабатда сезиларли яхшиланишлар, хусусан, озиқ-овқат рационининг кўпайиши ва жазо сифатида жисмоний машқлар тўхтатилганини қайд этди.

















