Ғазо секторини назорат қилиб келаётган ҲАМАС ҳаракати 7 октябр тонгида Исроилга ҳужум уюштирди. Гуруҳ вакиллари Исроил шаҳарлари бўйлаб беш мингдан ортиқ ракета учирилганини маълум қилган (Исроил ҳукумати мамлакат ҳудудига икки мингдан ортиқ ракета кириб келганини тасдиқлаган). Бундан ташқари, ҲАМАСнинг қуролланган гуруҳлари Исроилнинг Ғазо билан чегарадаги аҳоли яшаш манзилларига кириб, тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбий хизматчиларни гаровга олган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат уруш ҳолатида эканини маълум қилган. Исроил авиацияси Ғазо сектори бўйлаб ҳужум бошлаб, ҲАМАСнинг ҳарбий объектлари сифатида кўп қаватли биноларни нишонга олди. 7 октябр куни кечқурун Исроил армиясининг оғир техникалари Ғазо сектори билан чегара ҳудудига келтирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Нетаняҳу Ғазо бўлгасида яшовчи аҳолини «зудлик билан» у ердан кетишга чақирган. Исроил, шунингдек, Ғазо билан чегарага яқин жойлашган аҳоли яшаш манзиллари аҳолисини эвакуация қилиш режасини эълон қилган.

8 октябрга ўтар кечаси икки томон ҳам отишмаларни давом эттирди. Хусусан, ҲАМАС Ғазога энг яқин жойлашган йирик Ашкелон шаҳридаги шифохонага зарба берган; олти киши яраланган. Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги 400 дан ортиқ объектларига ҳужум қилганини маълум қилган. Шунингдек, Исроил армияси мамлакат жанубида ҲАМАС аъзолари кириб келган ҳудудларнинг катта қисми устидан назорат қайтарилганини тасдиқлаган.

Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи 8 октябрга ўтар кечаси ҲАМАСнинг ҳаракатлари билан «бирдамлик рамзи» сифатида Исроил ҳудудини ўққа тутди. Бунга жавобан Исроил армияси Ливан бўйлаб артиллерия зарбалари йўллади. Исроилнинг Haaretz газетаси журналисти Гидеон Леви Al-Jazeera телеканали эфирида агар «Ҳизбуллоҳ» можарога тўлақонли равишда қўшилса, Исроил армияси икки фронтда жанг қилишига тўғри келиб, инқироз ҳолатига тушиб қолиши мумкинлигини айтган. Сўнгги хабарларга кўра, мамлакат армияси шимолий чегаралар томон оғир техникаларини юбормоқда, бу ҳудудга ташланган техникалар сони Ғазо билан чегарага ташланганидан кўпроқ. Ҳудуд аҳолисига эвакуация бўлиш тавсия этилган.

ҲАМАС етакчиси Исмоил Хония Ғазодан бошланган юриш Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ва Қуддусга қадар ёйилишини айтди; у ҳужумни «душманимиз учун мағлубият ва таҳқир тонги» деб атади. Ўз навбатида, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 8 октябрга ўтар кечаси «Исроил ҳудудига кириб келган жангариларнинг катта қисми ўлдирилгани», Исроил эса ўз юриш амалиётини «ҲАМАСнинг имкониятлари тўлиқ йўқ қилинмагунига қадар» давом эттиришини билдирганди.