ҲАМАС ҳаракатининг 7 октябр куни Исроилга қилган ва юзлаб кишилар вафотига сабаб бўлган ҳужуми ташкилотчиси ва илҳомчиси — ташкилотнинг жанговар қаноти қўмондони Муҳаммад Дейф экани айтилмоқда. Исроил бу одам учун 1990-йиллар ўрталаридаёқ ов бошлаган; унга бир неча бор суиқасд уюштирилгани маълум, сўнггиси 2021 йилдаги 11 кунлик уруш вақтида амалга оширилган. «Медуза» Дейф ҳақида маълумот тўплади.
Муҳаммад Дейф ҲАМАС тузилган илк йиллардан (1987 йил) бери унинг сафида бўлгани айтилади. Ўшанда у 20 ёшдан энди ўтганди — Дейф 1965 йилда Хан-Юнис шаҳридаги қочқинлар лагерида туғилган. Унинг ҳақиқий исми — Муҳаммад Диаб Иброҳим ал-Масрий. Financial Times нашри ёзишича, Дейфнинг отаси ва амакиси ўз вақтида айнан 7 октябр куни ҳужум амалга оширилган ҳудудларда исроилликларга қарши ўтказилган рейдларда қатнашган.
Дейфнинг лақаби араб тилида «меҳмон» маъносини беради — у бу лақабни Исроил махсус хизматларидан яшириниш учун мунтазам равишда тунаш жойини ўзгартириб бориши туфайли олган.
The Washington Post нашри 2014 йилда берган маълумотга кўра, Дейф ўсмирлик чоғидаёқ «Мусулмон биродарлар» ҳаракати (ҲАМАС ушбу ташкилотнинг Фаластиндаги қаноти сифатида ташкил топган) аъзолари билан танишган. 1980-йилларда у Ғазо Ислом университетида ўқиган; ўшанда у, газетанинг ёзишича, «Қайтиш» театр труппасига (унинг номи — фаластинлик қочқинларнинг ўзлари тарк этган ерларга қайтиш истагига ишорадир) асос солган. Биринчи интифада вақтида ҲАМАСга қўшилганидан сўнг у актёрлик маҳоратидан фойдаланиб, пропаганда роликларида кичик роллар ижро этгани айтилади. 1990 йилда у Исроил ҳукумати томонидан қўлга олинади, аммо кейинроқ қўйиб юборилади.
The Washington Post нашри ёзишича, у «ўз сабр-тоқати ва қуролни яхши тушуниши туфайли ҲАМАС аъзолари орасида тезда танилиб кетади». У портловчи қурилмалар тайёрлашга ихтисослашган ва 1990-йиллар ўрталарида исроилликлар кетаётган автобусларга худкуш террорчиларнинг давомли ҳужумлари учун масъул бўлган «Инженер» лақабли террорчи Яҳё Айяшга шогирд бўлади. 1996 йилда Айяш ўлдирилади; шундан кейин террорчилик кампанияларига айнан Дейф бошчилик қилади.
Financial Times суҳбатдошининг сўзларига кўра, Муҳаммад Дейф «доимо ҳарбий [карера] йўлига эътибор қаратиб», Фаластиннинг турли фракциялари ўртасидаги курашларга қизиқмаган ва фақат «куч ишлатиш орқали араб-исроил можаросининг табиатини қандай ўзгартириш» ҳақида ўйлаган. 2000-йиллар бошидаги баёнотларидан бирида у тарафдорларини «Исроилликларга қарши Исроилнинг ўзида курашиш» ва «уларнинг оккупация қилинган ерларда хавфсиз яшаш тўғрисидаги фантазияларини йўққа чиқариш»га чақирган.


















