«Айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Конституциявий қонун лойиҳасида Сайлов кодексига ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. 

Қонунчилик палатаси сайловини аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказиш таклиф этилмоқда. Жумладан:

а) сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда;

б) Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (номзодлар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда;

в) ягона сайлов округида депутатликка номзодлар сиёсий партиялар томонидан номзодлар рўйхати асосида тақдим этилиши назарда тутилмоқда;

г) сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, Марказий сайлов комиссияси; ҳудудий сайлов комиссиялари; туман ва шаҳар сайлов комиссиялари; халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари сайлов комиссиялари тизимини ташкил этиши белгиланмоқда;

д) партия рўйхатини рўйхатга олиш муддатлари ва тартиботлари белгиланмоқда;

е) партия рўйхатидан депутатликка номзодни чиқариш, партия рўйхати асосида шакллантирилган ва бўшаб қолган Қонунчилик палатаси депутатлари ўрнини тўлдиришга доир нормалар белгиланмоқда;

ж) ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов натижаларини аниқлаш ва депутатлик ўринларини тақсимлаш тартиби белгиланмоқда.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари сонини камида ўн беш нафардан тўққиз нафарга тушириш, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон вакили бўлиши белгиланмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг раиси беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг, ҳудудий сайлов комиссияларининг, округ ва участка сайлов комиссияларининг ваколатлари аниқлаштирилмоқда.