10 октябр куни Исроил мудофаа армияси қарийб икки кунлик жанглардан кейин мамлакат жанубида, Ғазо секторидан бир неча километр масофада жойлашган Кфар-Аза кибуцини озод этди. Бу ҳудуд 7 октябр куни Исроилга ҳужум қилган ҲАМАС аъзолари йўлидаги илк нишонлардан бири бўлганди.

Ҳудуд қайтариб олингач, бу ерга журналистлар киришига рухсат берилди. Улар бу ерда ҳалок бўлган тинч аҳоли вакиллари, жумладан, аёллар ва болаларнинг жасадлари устидан чиқишган. ОАВ ва ЦАҲАЛ вакиллари бу ерда бўлган воқеаларни қирғин деб атамоқда.

The New York Times нашри ёзишича, ўз клуби ва синагогига эга Кфар-Аза кибуцида урушга қадар 750 киши яшаган. Ғазо секторига яқин жойлашгани ва доимий ракета зарбаларига қарамай, маҳаллий аҳоли одатий турмуш тарзини кечирган. Ҳаммаёқда бетон бошпаналар бор, уйлар эса хавфсизлик хоналари билан жиҳозланган. Исроилликлардан ҳеч бири ҲАМАС аъзолари чегарадан ўтиб, одамларни ўлдира бошлашини тасаввур қила олмасди, деб қайд этади BBC.

Фаластинликлар чегарани мотоциклларда кесиб ўтишган, шунингдек, кибуц ҳудудига делтапланларда учиб келишган. Ғазога энг яқин бўлган ҳудудда мудофаа линияси жойлашган бўлиб, бу ерда маҳаллий аҳоли вакилларидан иборат отряд навбатчилик қилган. Улар фаластинликларнинг илк қурбонларига айланган. Ғафлатда қолган Исроил армияси қисмлари Кфар-Азага етиб бориши учун 12 соат вақт кетди, деб ҳикоя қилади десантчиларнинг штурм гуруҳи командири ўринбосари Давиди Бен Цион. Жанглар икки кунга яқин вақт давом этган.

Sky News мухбири Стюарт Рэмзининг сўзларига кўра, штурм вақтида ўз уйларида ухлаб ётган одамлар фаластинликларнинг овозларидан уйғонган ва ўз болаларини шкафларга, вино омборларига ва ертўлаларга яширишган. Кўпчилик ўзини ҳимоя қила олмаган. Улар ҳарбийлар ёрдамини 17 соатдан ортиқ вақт давомида кутишган.

Кфар-Азанинг юқоридан кўриниши. 2023 йил 10 октябр
Ilan Rosenberg / Reuters / Scanpix / LETA 

«Ҳаммаёқда жасадлар. Кибуц аҳолиси орасида ўлдирилганлар жуда кўп – эркаклар, аёллар, болалар. Уларнинг қўллари боғланган, улар отиб ташланган», – дея ҳикоя қилади ўз репортажида CNN корреспонденти Ник Робертсон.

Кибуцда ҳалок бўлганлар орасида эр-хотин Итай ва Адар Бердичевски ҳам бор, уларнинг ҳикояси Исроил нашрларида кенг тарқалди. Оила Кфар-Азада ўн ойлик эгизаклари билан яшашган. Профессионал ҳарбий бўлган Бердичевскилар ҳужум вақтида чақалоқларни хавфсизлик хонасига яширишга улгурган, лекин улар уйга бостириб кирган жангарилар билан отишмада ҳалок бўлган. 13 соат ўтиб, эгизаклар қариндошлари томонидан топилган.