Мамлакатимизнинг ўзида ҳам сув манбалари бир текис жойлашмаган. Баъзи ҳудудларда сув етарли, мўл-кўл бўлса, айрим вилоятларимизга ичимлик тоза ва ширин сув юзлаб чақирим узоқдан машиналарда ташиб келтирилади.
Қуйидаги жадвалда ҳудудлар кесимида республикамиз аҳолисининг ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси акс этган:

Сув ресурслари тақчиллиги муаммоси бўй кўрсатмоқда
Айрим тадқиқотларга қараганда, глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги 50–60 йил давомида Марказий Осиёдаги юксак тоғликлардаги музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб чучук сув танқислиги минтақада ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин.
Глобал иқлим ўзгариши, Ўзбекистонда аҳоли сони ўсиб бораётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқлари кузатилаётган жадал ривожланиш ва улардаги сувга бўлган талаб ўсиши туфайли сув ресурслари тақчиллиги йилдан йилга ортиб бормоқда. Ўзбекистонда мавжуд чучук сув ҳажми қисқариши туфайли сув танқислиги ва қурғоқчилик хавфи сезиларли даражада ошмоқда.
Фуқаролар ташаббусни ўз қўлига олиши керак
Тоза ичимлик сув билан таъминланганлик — аҳоли турмуш даражасининг энг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Бинобарин, марказлашган ичимлик сувнинг асосий истеъмолчиси сифатида аҳоли узатилаётган сувни тежаш жараёнида фаолроқ рол ўйнаши керак.
Бироқ ҳозирги вақтда бизда сувни тежаб ишлатиш масаласига деярли эътибор қилинмайди. Бундай масъулиятсиз муносабат советларнинг режалаштирилган иқтисодиёти, яъни истеъмолчиларни сувдан тежамкор ва оқилона фойдаланишга ундовчи бирор бир чора кўрилмаган бир даврда шаклланган. Чунки у пайтларда сув таъминоти харажатларининг асосий қисми давлат бюджети ҳисобидан субсидияланган.
Истеъмолчиларнинг сувдан нооқилона фойдаланиши, бир томондан, сувдан фойдаланиш ва тўлов маданияти пастлиги, иккинчи томондан, аҳолида сувни тежашга рағбатлантиришнинг ўзи йўқлиги билан боғлиқ.
Шу боисдан бугунги кунда сув тарифларини шакллантиришда бозор муносабатларига ўтиш муаммоси жуда долзарбдир.
Бозор — сувни тежашга туртки берувчи энг кучли мотивация
Aмалиёт шуни кўрсатадики, аҳолининг сувдан оқилона фойдаланиши кўп жиҳатдан ҳар бир истеъмолчининг тўловларни камайтиришдан шахсий манфаатдорлигига боғлиқ.














