13 октябр куни Бишкекда МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ташкилотнинг олий мукофоти – МДҲ Фахрий нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевни «МДҲ иштирокчи давлатлари орасидаги ҳамжиҳатлик ривожланиши, дўстлик мустаҳкамланиши, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка қўшган улкан ҳиссаси учун» тантанали равишда тақдирлади, дейилади Қирғизистон раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Садир Жапаров ўз нутқида Шавкат Мирзиёевнинг дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, Марказий Осиё ва бутун МДҲ мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига қўшган ҳиссасини эътироф этган.

«Қайд этишни истардимки, кўп жиҳатдан унинг шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли МДҲга аъзо мамлакатлар ўртасида давлатлараро муносабатларда мутлақо янгича ишонч муҳити яратилди, ўзаро савдо ва сармоя ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси, транспорт ва сув-энергетика инфратузилмаси бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилувчи қулай муҳит шаклланмоқда», — дея қайд этган қўшни давлат президенти.

Садир Жапаров шунингдек айнан Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли қирғиз-ўзбек давлат чегарасини демилитация қилиш жараёнини якунлаш имкони бўлганига ҳам алоҳида урғу қаратган.

«Ушбу масала ҳал этилиши барча соҳаларда қирғиз-ўзбек ҳамкорлигига ижобий динамика қўшиб, кўп йллиар давомида очиқ қолаётган муаммоларни ҳал этишга туртки бўлди.

Ўзбекистон кейинги йилларда МДҲ фаолиятидаги иштирокига қандай сифат жиҳатидан янги динамика қўшганини барчамиз кўриб турибмиз. Ўзбекистон президенти ташаббуси билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари қаторида транспорт йўлакларининг рақобатбардошлигини ошириш, норматив ҳужжатлар ва стандартларни уйғунлаштириш, келишилган тариф сиёсатини юритиш ва ўзаро преференциялар бериш борасидаги вазифалар изчил ҳал этилмоқда. МДҲ доирасида ўзаро савдодаги тўсиқларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирлар шулар жумласидан», — деган у.

Жапаров ўз нутқи якунида Шавкат Мирзиёевга МДҲ давлатлари интеграциясига қўшган бебаҳо ҳиссаси, доимо Ҳамдўстлик маконида ишбилармонлик алоқалари ва ҳар томонлама самарали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган тегишли ташаббусларни илгари сураётгани учун миннатдорчилик билдирган.