Тошкентнинг Ҳамид Олимжон майдонида жойлашган, ягона ансамблни ҳосил қилувчи 8 та кўп қаватли уйлар фасадини янгилаш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳавий эскиз бу ерда яшовчиларнинг эътирозига сабаб бўлди.

18 қаватли уйларда яшовчи аҳоли вакиллари таъмирдан кейин уйлар фасадининг декоратив аспекти йўқолиши, уйларда ҳаво алмашинуви ёмонлашишидан хавотирда. Уларнинг қўлидаги эскизда тўртала бинонинг офисларга хос тарзда ойнаванд ва композит панеллардан иборат фасадга эга кўриниши акс этган.

Фуқароларнинг Gazeta.uz'га маълум қилишича, домкомлардан аҳолини реконструкция режаси билан таништириш сўралган. Реконструкция учун материалларнинг бир қисми олиб келиб қўйилган, лекин ишлар ҳали бошланмагани айтиляпти.

Ансамблнинг ҳозирги кўриниши / Фото: Kun.uz

Аҳоли вакилларига кўра, бу саккизта 18 қаватли уйлардан ташқари, уларга яқин жойда – Мустақиллик шохкўчасида жойлашган учта 9 қаватли уйларнинг ҳам фасади янгиланиши кўзда тутилган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг матбуот котиби Гулноза Қосимованинг Kun.uz сўровига жавобан айтишича, шаҳарда фасади эскирган, конструкциялари муддатини ўтаб бўлган 70 та кўп қаватли уй реконструкция қилинади. “Лекин тармоқларда тарқалган бу суратлар кўринишида эмас”, – деди у.

“Ҳамид Олимжон майдонидаги уйларнинг ташқи томонида металл конструкциялар бор. Бинолар баланд, шамолда шу конструкциялар учиб кетиб кимнидир майиб қилиб қўйиши ёки мол-мулкка зарар етказиши мумкин. Шунинг учун уларни ҳам янгиламоқчимиз, режалаштирилган. Ҳали бу борада ишлар бошланмаган.

Аҳоли билан шу ўзгаришлар борасида гаплашишни режа қилган вақтимиз 2-3 нафар пудратчилар ўз таклифини берганди, мана шу вақтда шу расмлар тарқаб кетган. Тартиби бўйича, уларнинг лойиҳаси аҳоли билан келишилади, шундан сўнг шаҳар ҳокимиятига берилади.

Тармоқларда тарқалган расмларни биз ҳали тасдиқламаганмиз, бу эскизлар бизга келгани ҳам йўқ ҳали. Кўп қаватли уйлар фасади янгиланиши аниқ, бу режамизда бор. Лекин бу кўринишда эмас. Пудратчиларга бино учун аҳолига ёқадиган эскизни тайёрлаш вазифаси берилган. Бу жараёнда бинонинг тарихий қиёфасини максимал даражада сақлаб қолишга ҳаракат қилинади, бизга шу талаб қўйилган”, – деди ҳокимлик расмийси.