2024 йилги Европа чемпионатида қатнашадиган етти жамоа номи маълум бўлиб улгурди. Мезбон Германия, олдинги турда йўлланмани ҳал қилган Франция, Португалия ва Белгия ёнига Испания, Шотландия ва Туркия қўшилди.
Якшанба Норвегия учун ҳал қилувчи кун эди, чунки ғалабадан бошқа ҳар қандай натижа скандинавларда ҳатто иккинчи ўрин учун математик жиҳатдан ҳам имкон қолдирмасди. Ғалаба учун эса бир бош баланд сакраш талаб этиларди. Таркибда Ҳоланд ва Эдегор каби етакчилар бўлганида, бу албатта, имкон доирасидаги иш, аммо икки жамоа солиштирилса, Испания — шунчаки бошқа лигада. Скандинавлар улар билан тенглаша олмасди.
«Қизил фурия»га ҳатто Мората аҳмоқона ҳаракати билан голдан маҳрум этиши ҳам халал бера олмади. Яққол офсайд ҳолатида турган форвард нега шусиз ҳам ҳимоячи орқали дарвозага кириб кетаётган тўпга зарба зарба бергани — тушунарсиз.
Иккинчи бўлимда Гави урган гол ҳам Моратанинг сусткашлиги туфайли хавф остида қолганди - ҳакам орқароқда қолиб кетган ҳужумчини дарвозабонга халақит берган деб топиши ҳам мумкин эди. Аммо бир неча дақиқа давомида видеотакрорни ўрганиб чиққан ҳакам барибир голни ҳаққоний урилган деб ҳисоблади.
«Қизил фурия» — қитъанинг энг барқарор жамоаси бўлиб қолмоқда. Фақат испанлар 1994 йилдан буён қаторасига ўн олтинчи саралаш босқичидан муваффақиятли ўтишди. Шу билан бирга, бу турда дам олган Шотландияга ҳам ёрдам бериб юборилди. Британлар жорий асрда иккинчи бор Евро йўлланмасини қўлга киритди, Ҳоланд ва жамоаси эса Миллатлар лигаси плей-оффи орқали захира вариантидан фойдаланишга ҳаракат қилади.
Гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотган Гуржистон мухлисларини таниқли гуржистонлик футболчи Тимури Кецбай мураббийлик қилаётган рақиб устидан қозонилган йирик ғалаба билан мухлисларини юпантирди. Кварацхелия кипрликлар дарвозасига урилган голлардан учтасида иштирок этди, биринчи голда унга гол ёки голли пас ёзилмаган бўлса-да, айнан унинг зарбаси қайтарилганида тўпни эгаллаб олган Китеишвили дарвозани ишғол этди.
Голсиз ўтган биринчи бўлим билан солиштирганда иккинчи бўлим старти идеал чиқди. Кўп ўтмай Чакветадзенинг кесиб берувчи узатмаси эвазига дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борган Хвича ҳисобдаги фарқни иккитага оширди, кейин эса Шенгелия унинг узатмаси билан ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Бу Вилли Саниолнинг саралаш турниридаги илк ғалабаси бўлди, аммо — Гуржистон Миллатлар лигаси гуруҳида биринчи ўринни олган ва жамоада Еврога чиқиш учун плей-оффда ўйнаш ҳуқуқи бор.
Хорватиядаги ғалабадан илҳомланган Туркия бу турда Евро йўлланмасини расмийлаштирди. Қолаверса, бу иш ноқулай рақибга қарши ўйинда уддаланди, чунки Туркия ўз вақтида Евро-2004 йўлланмасини айнан Латвияга бой бериб қўйганди. Бундан ташқари, Болтиқ бўйи мамлакати жамоаси ЖЧ-2022 саралаши доирасида Истанбулда ўтган ўйинда 1:3 ҳисобини 3:3 ҳисобига айлантира олганди.
Бу ўйин ҳам Винченцо Монтелла шогирдлари учун енгил сайр бўлмади. Биринчи бўлимда мезбонларнинг голи микроскопик офсайд туфайли бекор қилинди ва латвияликлар деворидан ўтишга фақат танаффусдан кейингина эришилди — Оқгуннинг ақл бовар қилмас кучли ва аниқ зарбаси эвазига. Ва бу устунликни сақлаб қолиш осон кечмади. Жумладан, дарвоза тўсини ва устуни ёрдамига таянишга тўғри келди. Фақатгина фахрий футболчи Женк Тўсуннинг зарбасидан кейингина туркиялик мухлислар енгил тин олишди.
Ўйин охирида эса байрам бошланди. Паралллел учрашувда Хорватия Уэлсдан мағлубиятга учраганди. Якунда бирданига уч жамоада очколар сони 16 тадан бўлиб қолиши мумкин, аммо бундай ҳолатда ўзаро учрашувлардаги очколар ҳисобга олинади. Агар якуний турда мағлуб бўлса ҳам Туркия биринчи ўринда қолади.
Октябрнинг асосий саволи — Хорватияга нималар бўлмоқда? Турклардан учралган мағлубиятни бахтсиз ҳодисага йўйиш мумкин бўлган бўлса, Кардиффдаги фиаско кўплаб саволларни юзага келтирди. Голсиз ўтган биринчи бўлимдан кейин Златко Далич дарҳол учта алмаштириш амалга оширгани ҳам кўп нарсани англатади. Фақат жокер ролида чиққан Пашаличнинг голи урилганда жуда кеч бўлганди. Иккинчи бўлимдаги илк ҳужумдаёқ тўпни Ливакович устидан ошириб ташлаган, кейин эса дарвозага орқа турган ҳолда тўпни бош билан дарвозага йўллаган Уилсон дубл расмийлаштирганди.
Ушбу ҳавбек миллий жамоадаги 50-ўйинида ўзига ўзи совға қилди. Қолаверса, Ҳарри ўн йил муқаддам айнан шу куни, 16 ёшлигида миллий жамоа либосидаги илк ўйинини ўтказганди. Уэлс энди иккинчи ўринга чиқиб олди ва тақдири ўз қўлида. Сўнгги икки жаҳон чемпионатида бронза медалларни қўлга киритган хорватлар эса гуруҳда қолиб кетиши ҳам мумкин.
Поляклар саралаш босқичидаги муваффақиятсизликни давом эттирди - молдаванларга қарши икки ўйинда атиги бир очко олинди. Молдова июн ойида бир бўлим ичида нафақат икки гол фарқини йўққа чиқариб, балки ўйин охирида ғалаба голини уриб (3:2), рақибни аламли мағлубиятга кўндирганди. Ҳозирда жароҳат туфайли сафдан чиққан Левандовскининг ўша ўйинда борлиги ҳам ёрдам бермаганди. Унинг йўқлигида ким гол уриши масаласи иккинчи бўлимда Свидерски бу саралаш босқичи қаҳрамонларидан бирига айланган Николаэскунинг голига жавоб қайтармагунича долзарб бўлиб турди. Фақат дуранг — полякларни умуман қониқтирадиган натижа эмас. Улар яна Чехияни олдинга ўтказиб юборишди, энди кўп нарса ноябрда бўлиб ўтадиган ўзаро учрашувда ҳал бўлади. Лекин бу Полша учун саралашдаги охирги ўйин бўлади, чехларни эса Прагада Молдовага қарши кечадиган катта ўйин ҳам кутмоқда.
Ўтган турда исроилликларга қарши сафар ўйини Яқин Шарқдаги уруш туфайли қолдирилганидан кейин дам олган швейцарияликларни бу ўйинда ортиқча муаммо кутмаётгандек эди. Биринчи бўлим ўрталарида Шақири урган гол ҳам шунга ишора қилаётганди.
Аммо иккинчи бўлимда испаниялик Карлос Алос Феррера бошқарувида жамоа мазмунли ўйин кўрсатаётган беларуслар уддалаб бўлмас вазифани бажариб, гуруҳ пешқадами дарвозасига учта гол йўллади. 84-дақиқага бориб жамоа сафарда 3:1 ҳисобида олдинда бораётганди. Якунда барибир тажриба ўз сўзини айтди, қолаверса, беларусларда бу ўйинда очко зарур эмасди, жамоа аллақачон йўлланмадан умид узган. Ўйин охирида икки дақиқада урилган икки гол Мурат Яқинни шармандаликдан қутқариб қолди.
Бу камбэкда шу куни миллий жамоа сафида 118-ўйинда майдонга тушган ва бу борада рекордчи Ҳайнц Ҳерманн билан тенглашиб олган Чаканинг узатмаси муҳим рол ўйнади. Амдунининг биринчи зарбаси тўхтатилди, аммо у иккинчи зарбаси билан куннинг асосий сенсациясини йўққа чиқарди. Энди Швейцария Еврога чиқиш масаласини ноябрда Косово ва иккинчи ўринда мустаҳкам жойлашган Руминия билан, шунингдек, Исроилга қарши қолдирилган ўйинларда ҳал қилади.