Иқтисодчи Юлий Юсупов иссиқхоналарнинг газдан кўмирга ўтказилаётгани масаласида хавотир билдириб, улар “фалокат ёқасида” эканини таъкидлади.

Унинг Мева-сабзавот етиштирувчилар миллий ассоциацияси маълумотларига таяниб ёзишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 5,2 минг гектар майдонда 6 мингдан ортиқ иссиқхона фаолият юритади. Уларда 600 млн долларлик маҳсулот етиштирилади, шундан 300 млн доллари экспорт улушига тўғри келади. Бу тармоқда 35 мингдан ортиқ киши ишлайди.

“Бугунги кунда соҳанинг асосий муаммоси шундаки, расмийларимиз негадир уларни газдан кўмирга ўтказмоқчи бўлишди. Бу ҳайратланарли. Чунки, а) иссиқхоначилар ҳиссасига мамлакатда истеъмол қилинаётган газнинг 1 фоизи тўғри келади ва бу газ балансига жиддий таъсир кўрсатмайди; б) улар газ учун тўлов қилишган, тўлашяпти ва энг юқори тарифларда ҳам тўлашга тайёр.

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, кўмирга ўтиш кўплаб ишлаб чиқариш объектларининг рентабеллигига салбий таъсир кўрсатади ва уларни ёпишга тўғри келади. Шунингдек, кўмирда ишлайдиган ускуналарга сармоя киритилиши тармоқнинг қарз юкини янада оширади. Тармоққа аллақачон 1 млрд доллар (мамлакатнинг йиллик ялпи ички маҳсулоти 80 миллиард долларга тенг) қарз жалб қилинган”, – дея таъкидлади Юлий Юсупов ўзининг Telegram-каналига жойлаштирган постида.

“Иссиқхона хўжаликлари билан табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома тузиш ишлари якунига етмоқда”

Ҳолат юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Энергетика вазирлиги томонидан куз-қиш мавсумида аҳоли газ тармоқларига уланмаган иссиқхона хўжаликларига табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома тузиш ишлари якунига етмоқда.

Вазирликнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бунда, иссиқхона хўжаликлари эҳтиёжи учун 2023-2024 йил куз-қиш мавсумида табиий газни қуйидаги талабларга қатъий риоя этган ҳолда етказиб бериш кўзда тутилган:

  • биринчидан, иссиқхона хўжаликларининг табиий газдан дебитор қарздорлигини сўндириш ҳамда табиий газ учун белгиланган тўловни олдиндан амалга ошириш;
  • иккинчидан, иссиқхоналарни табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими сертификациясидан ўтган электрон ҳисоблагичлар орқали уланган бўлиши;