Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кузатув камералари қоидани бузган пиёдаларни автоматик равишда жаримага тортаётгани рад этилди
Пойтахтда йўлларда қоидабузарликларни қайд этувчи кузатув камералари пиёдаларни ҳам жаримага тортишни бошлагани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Масъулларнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозирда Тошкент шаҳрида «Диққат, пиёда!» тадбири доирасида қоида бузган пиёдалар билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳридаги йўлларда киши шахсини аниқлаб, жарима ёзиш имкониятига эга кузатув камералари ўрнатилмаган. Буни ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Kun.uzʼга маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда йўл-патрул хизмати инспекторлари қоидабузар пиёдаларни махсус планшетлар ёрдамида қайд этади, уларнинг шахсига аниқлик киритиб, маъмурий баённомалар расмийлаштиради.
Планшетлар сабаб бундай қоидабузарликларни қайд этиш учун аввалгидек 1-2 соат вақт кетмайди. Кишининг бармоқ изи орқали унинг шахсига аниқлик киритилади ва маъмурий баённома тузилади.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг қайд этишича, айни кунларда пойтахт кўчаларида «Диққат, пиёда!» тадбири доирасида йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдалар инспекторлар томонидан тўхтатилиб, уларга риоя этиши лозим бўлган қоидалар тушунтирилмоқда.

Пиёдалар қандай ҳолатларда жаримага тортилади?
Йўл ҳаракати қатнашчиларининг асосий қисмини пиёдалар ташкил этади. Ўз ўрнида уларнинг ЙҲҚга амал қилмаслиги маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддасида йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдалар жаримага тортилиши белгилаб қўйилган.
Моддага кўра, пиёдаларга қуйидаги ҳолатларда базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми миқдорида жарима солинади:
- йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги;
- йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши.
Шунингдек, йўлнинг қатнов қисмида: жумладан, пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланиши, китобларни ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши, аудиоматериалларни эшитиши, эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши жаримага сабаб бўлади.
Бугунги кунда бу жарима миқдори 110 минг сўмни ташкил қилади.
Мавзуга оид
11:49 / 20.05.2026
5 минг сўмлик колбасалар: огоҳлантириш ва жарима етарли чорами?
18:55 / 15.05.2026
Тошкентда нотўғри «парковка» қилинган автомобиллар жарима майдонига олиб кетилади
11:36 / 14.05.2026
Юридик шахсларга жарима қўллаш тартиби ўзгаради
12:21 / 09.05.2026