Сиёсатшунос Суҳроб Бўронов Kun.uz’га берган интервюсида “Толибон” қураётган Қўштепа канали ва ўзаро музокараларда Ўзбекистоннинг таъсир ричаглари ҳақида гапирди.
— Суҳроб ака, “Толибон”нинг Қўштепа каналини қуришдан мақсади Афғонистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва бу орқали ҳукумат яшовчанлигини ошириш.
Ўтган чоршанба куни канал қурилишининг иккинчи босқичига старт бериларкан, у ерда бош вазирнинг 2-ўринбосари Абдулсалом Ҳанафий томонидан “қўшниларимиз бундан хавотир олмасин. Худо хоҳласа, Амударёдан қанча фойдалансак ҳам, барибир Афғонистон ҳақли бўлган даражага етмаймиз”, – деган фикр айтилди. Сизнингча, бугунги “Толибон” ваъдаларига қанчалик ишониш мумкин?
— Бу ерда масаланинг сиёсий оқибатлари ҳам бор. Абдулҳафиз Ҳанафийнинг фақат ўзи бу фикрларни айтмади, ундан ташқари бош вазирнинг биринчи ўринбосари, мудофаа вазири, ички ишлар вазири, ташқи ишлар вазири ўринбосарлари ҳам шу маънодаги баёнотлар берди. Бу фикрлар орасида биринчи бор қўшни давлатларнинг сувга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ва сувдан қурол сифатида фойдаланмаслик учун дипломатик чоралар кўрамиз, деган фикр ҳам билдирилди. “Толибон”нинг канал борасида дипломатик йўллар ҳақида биринчи гапи бўлди бу. Олдин бундай фикрлар янграмаган эди.
Ўтган 2 йилни сарҳисоб қилсак, “Толибон” дунё ҳамжамиятига берган бирор ваъдасини бажармади. Айниқса, қўшни давлатлар ҳудудига таҳдид бўлмаслиги ҳақидаги гаплар ўзини оқламаяпти, чунки деярли барча қўшни давлатлар билан муаммолар вужудга келди.

“Толибон”нинг энергетика ва сув хўжалиги вазири биз сув бўйича конвенцияларни ратификация қилмаганмиз ва хоҳлаганча фойдаланамиз, деган маънода ҳам гапирди. Мана шу томони хавотирли. “Толибон” канални қуриб бўлгач, ундан истаганича фойдаланиши ва энг ёмони — сиёсий таъсир воситасига айлантириши мумкин. Сиёсий таъсирдан ҳам ёмонроғи эса геосиёсий таъсир. Канал қурилишини “Толибон”нинг ўзи ҳеч қачон амалга оширолмайди. Бу лойиҳа “Толибон” ҳукуматга келишидан олдин ишлаб чиқилган ва бу уларни ҳокимиятга олиб келган кучлар томонидан қилинган.
— Ҳозирги жараёнларда Ўзбекистон томонининг дипломатияси қандай ишлаяпти, деган савол ҳам ўртага ташланиши керак. Бугун икки томонлама мулоқотлар давом этмоқда. Тўғри, ўртада жуда катта масала учун ишланмоқда ва мулоқотлар осон бўлмаслигини тушунамиз. Лекин биз ОАВ сифатида бу жараённи сўроқлашга, ишларнинг бориши ҳақида маълумот олиб туришга ҳақлимиз. Шу маънода, музокаралар жуда секин кетяпти, натижа кўринмаяпти, дипломатлар жараёнлар ҳақида парламент қўшма палатаси олдида катта ҳисобот бериши керак, деган танқидларга қандай қарайсиз?














