Жаҳон | 08:40 / 20.10.2023
11195
2 дақиқада ўқилади

АҚШ эсминеци Қизил денгизда Ямандан учирилган ракеталарни тутиб олди

Ракеталар ва учувчисиз учоқлар уриб туширилди, чунки улар кемага «потенциал хавф туғдирган», аммо ҳужум нишони Исроилдаги объектлар бўлган. 

Фото: Picture Alliance

АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Қизил денгиз шимолида жойлашган USS Carney кемаси Яманда ҳусийчилар томонидан учирилган учта қанотли ракета ва бир нечта дронларни йўқ қилди. Бу ҳақда 19 октябр, пайшанба куни Пентагон спикери, бригада генерали Пэт Райдер маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ракеталар кемага «потенциал хавф туғдиргани» сабабли уриб туширилган, бироқ ҳужум нишони Исроилдаги объектлар бўлган

Пентагон айнан нима ҳужум нишони бўлган бўлиши мумкинлигини ўрганмоқда. Райдернинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар «ушбу муҳим минтақадаги шериклар ва манфаатларни ҳимоя қилиш» учун зарур бўлган ҳамма нарсани қилишга тайёр. Расмийнинг қайд этишича, на АҚШ ҳарбий хизматчилари, на минтақадаги тинч аҳолига зарар етмаган. 

Ҳусийчилар Яманда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган исёнчилар бўлиб, 2014 йилдан бери фуқаролар уруши давом этаётган мамлакатнинг айрим қисмларини назорат қилади. Уларнинг шиорлари анъанавий тарзда «Америкага ўлим» ва «Исроилга ўлим» ибораларини ўз ичига олади, деб таъкидлайди AP агентлиги. Яман ҳукуматини ҳозирда Фаластин-Исроил можароси фонида Исроилга ҳеч қандай таҳдид қилмаган Саудия Арабистони қўллаб-қувватламоқда. 

Яқин Шарқдаги можаронинг авж олиши ҲАМАС ҳаракатининг 7 октябр куни Исроилга қарши кенг кўламли ҳужум уюштирганидан кейин бошланди. 

Мавзуга оид