Исроил ва Ҳамас кучларининг навбатдаги кенг кўламдаги ҳарбий ҳаракатлари дунё геосиёсий майдонидаги вазиятни янада чигаллаштириб юборди. АҚШ эса ҳар доимгидек Исроилни қўллашда давом этмоқда. 

7 октябрда Ҳамас томонидан Исроил ҳудудига ҳужум ортидан нафақат Яқин Шарқ геосиёсий вазияти, балки бутун дунёдаги геосиёсий муносабатлар ўзгармоқда, трансформация бўлмоқда.

Исроил – Яқин Шарқдаги ғарбнинг бир бўлаги. Давлат тизими, тафаккур тарзи, сиёсий маданият ҳам ғарбга жуда яқин. Лекин жиддий зиддиятлар ҳам бор. Ҳамас ҳужуми ортидан, коллектив Ғарб Исроилга ўзининг сўзсиз қўлловини билдириш – сиёсий урф ва тарихий мажбурият бўлиб шаклланди. Ҳар сафар Исроил бирон қийинчиликка учраса “душманлар қуршовидаги ушбу давлатни қўллашимиз керак” деган тафаккурдан келиб чиқиб, ғарб давлатлари ўзларининг қўлловини билдириб келади.

Шу кунларда Исроилни қўллаб-қувватлаш учун АҚШ президенти Байден, Германия канцлери Шолц, Англия бош вазири Риши Сунак ва бошқа лидерлар келди.

АҚШ – Исроилнинг бош ҳомийси, ҳимоячиси. АҚШнинг Исроил билан алоқалари нафақат демократияга бориб тақалади, балки Исроил – давлат сифатида Англия ва АҚШ томонидан шакллантирилган ва ҳимоя қилинадиган лойиҳа ҳисобланади. Лекин Исроил давлатининг ташкил топганига 75 йил ўтиб, ғарб давлатларининг Исроил ва унинг атрофидаги геосиёсий вазият ниҳоятда зиддиятли бўлиб бормоқда.

Исроил босиб олган ерларни ўз қўлида ушлаб туриш учун Фаластин давлати ташкил топишини ўз манфаатларига таҳдид деб билади. Лекин халқаро қонунчилик ва келишувларга кўра, Фаластин давлати ташкил топиши керак. Фаластиннинг йўқлиги, фаластинликларга нисбатан узоқ вақт давом этаётган геноцид, босимлар, дискриминация сиёсати нафақат Исроилни, балки ушбу давлатни ҳомийликка олган АҚШни ҳам глобал обрўйига зарар етказиб келади.

АҚШда жуда кучли яҳудий лоббиси фаолият кўрсатади. АҚШ тарихида Исроилга салбий қарашда бўлган сиёсатчилар бўлган ва бор. Лекин бу сиёсатчилар яҳудий лоббисининг босимига учрашни истамаганлиги учун, анча эҳтиёткор бўлишга мажбур.

Исроил давлати 1947 йилда ташкил топган бўлса, кейинги ўн йилликларда энг исроилпараст АҚШ президенти Трамп бўлди. Трамп АҚШ элчихонасини де-факто Қуддусга кўчирди, уч араб давлатига босим ўтказиб, Исроилни тан олдиришга эришди. Фаластинни молиялашни тўхтатди, Фаластин давлати ташкил топиш борасидаги АҚШ позициясини эсга олмади.

Лекин Трампга қадар ҳокимиятда бўлган Обама, мутлақ тескариси – у Исроилга шубҳа билан қарар эди. Обама, Яқин Шарқни қайта форматлашга киришган эди. Обама Эрон билан ярашиш, минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш мақсадида Исроилдан бироз масофа сақлашга мойил эди. АҚШ тарихида фақат бир марта БМТ Хавфсизлик Кенгашида Вашингтон ўзининг ветосини ишлатмаган – 2016 йилда, яъни Обама даврида.