Ўзбекистон | 07:50 / 21.10.2023
3456
3 дақиқада ўқилади

Корея Фарғонада Ўзбекистондаги иккинчи голф майдонини қуриш лойиҳасини ишлаб чиқмоқда

Ўзбекистондаги иккинчи голф майдонининг барпо этилиши Фарғонага Кореядан, шунингдек, бошқа хорижий давлатлардан, Европадан кўплаб голф ишқибозларини жалб этиши мумкин.

Фото: Dunyo

Фарғона вилояти ҳокимлигида Жанубий Кореянинг Dream Build Team компанияси раҳбари Пак Ёнг Шик ҳамда Incense Korea компанияси раҳбари Ю Ли Бок билан учрашув бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, учрашувда Фарғона вилоятида тўғридан тўғри Жанубий Корея сармоялари ҳисобига амалга ошириш режалаштирилаётган инвестицион лойиҳалар, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Экошаҳар мажмуасининг тегишли кичик саноат зонаси ҳудудида «Корейс ишлаб чиқарувчилари саноат парки» ташкил этиш бўйича ишларнинг бориши ҳам учрашув асосий кун тартибидан ўрин олди. 

Dream Build Team компанияси Қува тумани ҳудудида голф майдони ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Вилоят ҳокими бошчилигидаги Фарғона делегациясининг жорий йил март ойида Жанубий Кореяга ташрифи давомида бу борада музокаралар ўтказилган. Лойиҳа истиқболини ҳамда вилоятдаги инфратузилмаларни юқори баҳолаган Пак Ёнг Шик, Ўзбекистондаги иккинчи голф майдонининг барпо этилиши Фарғонага Кореядан, шунингдек, бошқа хорижий давлатлардан, Европадан кўплаб голф ишқибозларини жалб этишига ишонч билдирди. Dream Build Team компанияси раҳбари билан шунингдек, Экошаҳар ҳудудида бизнес маркази барпо этиш лойиҳаси бўйича муҳокамалар ўтказилди.

Incense Korea компанияси раҳбари Ю Ли Бок бошчилигидаги ўнлаб инвесторлардан иборат гуруҳ, март ойидаги вилоят делегациясининг Кореяга ташрифи ортидан апрел ойида Фарғонага келиб, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти билан жойида танишишган. Ташриф натижасида Экошаҳар мажмуасининг тегишли кичик саноат зонаси ҳудудида «Корейс ишлаб чиқарувчилари саноат парки» ташкил этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилган. Учрашувда Ю Ли Бок ушбу саноат паркида жойлаштириш кўзда тутилаётган инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқилаётгани ҳақида вилоят раҳбарига маълумот берди. 

Шунингдек, Incense Korea компанияси томонидан Тошкент-Фарғона автомагистрал йўли бўйида Жанубий Корея стандартларига мос, савдо, меҳмонхона, овқатланиш ва логистика хизматларини ўз ичига олган кўп тармоқли хизмат кўрсатиш маркази барпо этиш лойиҳаси тақдим этилди.

Учрашувда мисни чуқур қайта ишлаш, пулли йўллар қуриш, туристик объектлар барпо этиш лойиҳалари бўйича инвестицион ҳамкорлик бўйича фикр алмашилди. Таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда кореялик инвесторларнинг ижтимоий ҳамкорлиги бўйича келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид