Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, кўчириладиган шаҳар аҳолиси давлат ҳисобидан меҳмонхоналарга жойлаштирилади.
Кирят-Шмонда 20 мингга яқин киши яшайди, аммо Ливан ҳудудидан йўлланаётган мунтазам ракета зарбалари туфайли уларнинг бир қисми аллақачон шаҳарни тарк этган.
Ўтган тунда Исроил авиацияси чегара ортида мамлакат ҳудудига танкка қарши ракеталар учиришга тайёрланаётган жангарилар позицияси бўйлаб зарба берилганини маълум қилганди. Натижада, исроиллик ҳарбийларга кўра, жангариларнинг уч нафари ўлдирилган. Ливан томони бу зарба оқибатида бир журналист ҳалок бўлганини билдирган.

Исроил ва Ливан чегарасидаги кескинлашув бир неча кундан буён кучайиб бормоқда. Яхши қуролланган гуруҳ ва Исроил армияси зарбалар алмашмоқда ва бу тўқнашувлар қарама-қаршилик кенг миқёсли можарога айланиб кетиши мумкинлиги борасидаги хавотирларни кучайтирмоқда.
Чегаранинг Ливан томонида тўрт километр наридаги Бинт-Жубайл шаҳрида ҳам кўчалар бўшаб қолган, дўконларнинг аксари ёпилган.
Шаҳар аҳолисининг кўпчилиги Исроил ва ушбу ҳудудни назорат қилувчи шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўртасида зиддият кучайса, жанглар бошланиб кетиши мумкинлигидан қўрқиб бу ерни тарк этган.
Шу билан бирга, BBC мухбири бу ерда кўча ўртасида пластик столча атрофида ўтириб, бамайлихотир пицца тановул қилаётган кишиларни ҳам учратган.
«Шаҳарда назорат издан чиқмаса, мен ҳеч қаерга кетмайман, бундай бўлишига эса ишонмайман, — деган Муҳаммад Байдун, лекин бу вақтда у мухбирлар пайдо бўлиши билан чор тарафдан етиб келган «Ҳизбуллоҳ» айғоқчилари кузатуви остида эди. — Мен қаршилик кучларимизга ишонаман, чин дилдан ишонаманки, [„Ҳизбуллоҳ“] бизни ҳимоя қилади».


















