Ўзбекистон томони Россия Федерацияси ҳукуматидан Россиядаги ўзбек диаспораси маблағлари ҳисобидан ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг болалари учун хусусий боғча ва мактаблар очишни сўраган. Бу таълим даргоҳларида ўқитиш Россия қонунчилигига кўра олиб борилиши назарда тутилган. Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси президентининг маслаҳатчиси ва президент администрацияси департаменти раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев маълум қилган, деб ёзади ТАСС.

«Россия қонунчилигига мос келувчи таълим дастурлари бўйича [ўзбекистонлик] ватандошлар маблағлари ҳисобига мактабгача таълим муассасалари ва хусусий мактабларни очиш масаласини кўриб чиқишни сўраймиз», — деган Қуронбоев РФ Давлат думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда.
Қуронбоевнинг сўзларига кўра, бу илтимос Ўзбекистондан келган ва Россияда меҳнат қилаётган ишчилар ўз фарзандларини болалар боғчаси ва мактабларга расмийлаштиришда маълум бир қийинчиликларга дучор бўлаётгани билан боғлиқ.
Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Давлат думасида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистондан Россияга кириб келаётган ёш фуқаролар учун миграция жараёнларини соддалаштириш масаласини қонунчилик даражасида кўриб чиқишни ҳам сўраган.

Бундан ташқари, Қуронбоев ҳар икки давлат ёшлар парламенти ва парламентларининг соҳавий комиссиялари ўртасида ҳамкорликни кучайтиришни, талабалар алмашинув дастурини, жумладан, қурилиш отярдларини ташкил этишни таклиф қилган.
Қуронбоев, шунингдек, Ўзбекистонда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда креатив иқтисодиётни ривожлантиришда Россия тажрибасини қўллашга қизиқиш катта эканини таъкидлаган.
«Ўрта касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва уни Ўзбекистонда жорий этиш учун Россия тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз», — деган Қуронбоев.
Россия Давлат думаси депутати Михаил Делягин бу билан Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг ўзбекистонлик мигрантларнинг болалари учун Россияда мактаб ва боғчалар очишга ёрдам бериш тўғрисидаги илтимосига қарши чиққан.
















