Жаҳон | 11:30 / 24.10.2023
4773
3 дақиқада ўқилади

Германияни бомба таҳдиди ҳақидаги ёлғон хабарлар тўлқини қамраб олди

Мактаблар, музейлар ва Майнцдаги ZDF телеканали штаб-квартирасига бомба таҳдиди ҳақида хабар берилган. Полиция бир нечта йирик эвакуацияларни амалга оширди, бироқ ҳақиқий хавф аниқланмади. 

Фото: CHRISTOPH SOEDER / SCANPIX

23 октябр, душанба куни Германияда турли федерал ерлардаги мактаблар, шунингдек, ZDF телеканалининг Майнцдаги штаб-квартирасига бомба қўйилгани таҳдиди ҳақида хабарлар келиб тушди. Худди шундай мазмундаги хатлар электрон почта орқали тарқатилди

Шимолий Рейн-Вестфалиянинг Мёнҳенгладбах шаҳрида полиция эҳтиёт чораси сифатида ўрта мактабни эвакуация қилди. Унинг ҳудудида портловчи моддалар топилмаган. Худди шу сценарий - эвакуация ва биноларни текшириш - кўплаб шаҳарлардаги мактабларда такрорланди, аммо ҳеч қандай шубҳали нарсалар топилмади. 

Frankfurter Allgemeine газетаси ҳисоб-китобларига кўра, Германиянинг камида 11 мактабида таҳдидлар ҳақида хабарлар олинган. Золинген ва Вуппертал (Шимолий Рейн-Вестфалия), Мангейм ва Карлсруэ (Баден-Вюртемберг), Эрфурт (Тюрингия), Аугсбург, Регенсбург, Кам (Бавария), Дрезден ва Хемниц (Саксония) шаҳарларидаги таълим муассасалари шулар жумласидандир. Юзлаб мактаб ўқувчилари хавф-хатар туфайли дарсдан четлаштирилди. 

ZDF телеканалига таҳдидли хатлар келиб тушди 

Мактаблардан ташқари, Людвигсхафендаги (Рейнланд-Пфалц) Вилҳелм Ҳак музейига ва Майнцдаги ZDF жамоат телерадиокомпаниясининг бош қароргоҳига таҳдидли хатлар юборилган. Компания вакилининг айтишича, 600 га яқин ходим Майнц-Лерхенберг туманидаги ZDF мажмуаси ҳудудида жойлашган биноларни, жумладан, маъмурий бинони ҳам тарк этишга мажбур бўлган. Воқеа трансляцияга таъсир қилмади: полиция биноларни кўздан кечирди, шундан сўнг ходимлар ишга қайтди. 

Мамлакат бўйлаб қабул қилинган хатларнинг муаллифлари ҳозирча номаълум. Германия Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби таҳдидлар Фаластин-Исроил можароси билан боғлиқ деган тахминни «соф спекулятив» деб атади. 

Бомба ҳақидаги ёлғон хабарлар бошқа давлатларда ҳам кузатилди
 
Сўнгги ойларда Германия ва Европада террор таҳдидлари ҳақидаги ёлғон хабарлар сони кўпайди. Мисол учун, сентябр ойида Бранденбург полициясига мактабда бомба борлиги ҳақида хабар келиб тушган, бироқ хавфли объектлар топилмаган. Қўшни Францияда аэропортлар ва Лувр музейи эвакуация қилинди. Версал саройи саккиз кун ичида етти марта эвакуация қилинди. 

Мавзуга оид