Ўзбекистон | 10:12 / 24.10.2023
3897
2 дақиқада ўқилади

Профессионал таълимда раҳбар ходимлар малакасини ошириш жараёнига янги тизим жорий этилади

Профессионал таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимига кредит-модул тизими жорий этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Профессионал таълим тизими раҳбар ва педагог ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш жараёнига кредит-модул тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳасида профессионал таълим тизимида малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг қуйидаги тартиблари жорий этилади:

профессионал таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимига кредит-модул тизими жорий этилади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим дастури тузилмаси унинг ҳар бир таълим элементига мос келадиган таълим олиш натижаларини кўрсатган ҳолда, тингловчилар ҳар бир малака ошириш даврийлигида мос келишини ҳисобга олиб ишлаб чиқилади;

тингловчилар малака ошириш шакллари бўйича белгиланган кредит балларини тўплаши лозим бўлади;

мустақил малака оширишда тингловчилар белгиланган кўрсаткичлар бўйича тўплаган кредитлар миқдори юқори бўлганда рўйхатга олинади, кам тўплаган тингловчилар бевосита таълим муассасасида малака ошириш шаклида рўйхатга олинади.

Қайта тайёрлаш ва малака оширишда 1 кредит 6 соатлик ўқув юкламасига тенг бўлади. Бунда тингловчи касбий фаолият натижаси ёки муайян модулдан тегишли кредитларни тўплаши учун маълум миқдордаги ўқув юкламасини ўзлаштириши зарур бўлади.

Малака ошириш курсларининг даврийлиги 3 йилда камида бир марта бўлиб, 24 кредит (144 соат), қайта тайёрлов курслари тингловчилари 96 кредит (576 соат) тўплаши зарур этиб белгиланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид