Сўнгги йилларда мамлакат экологиясини яхшилаш, шаҳар ва туманларни яшиллаштириш, мавжуд яшил маконларни сақлаб қолиш, дарахтлар экиш орқали яшилликни кўпайтириш ҳақида кўп гапириляпти. Бу гапларга монанд “Яшил макон” лойиҳаси доирасида миллионлаб кўчатлар ўқазиляпти. Бироқ бу борадаги ишларда улкан камчиликлар ва ёлғонлар ҳам йўқ эмас, бу юқори минбарлардан ҳам очиқ айтилиб, танқид қилинмоқда. Ўтқазилмаган ёки қуриб қолган кўчатлар, ўзани қуриётган ва саёзлашаётган дарёлар, саноат корхоналари туфайли зарар кўраётган ер-у сув, бетийиқ ва бетартиб қурилишлар сабаб чанг-у заҳарга ботаётган шаҳарлар...

Дарахтлар экиш, яшил камар яратиш, янги хиёбонлар қуриш режалари яхши, бироқ бунгача борини асраб қолиш керакми? Керак! Ё аввал борининг ўрнига бинолар қуриб, кейин чеккароқ, узоқроқ жойдан хиёбон қуришми режада? Афтидан шунга қараб кетяпти, ахир мавжуд хиёбон ва парклар бир неча ўнйиллар аввал шаҳарнинг энг марказ, сўлим ва гавжум жойларида барпо қилинган-да. Бундай жойларнинг ҳар бир қаричи тиллога тенг. Охирги йилларда кўплаб яшил ҳудудлар хусусий қўлларга ўтиб кетганига гувоҳ бўлдик.

2 йил аввал пойтахтнинг эски шаҳар қисмидаги, марказий ҳудудлардан бирида жойлашган Абдулла Қодирий номидаги боғ ҳақида лавҳа тайёрлаган эдик. Боғ ташландиқ ҳолга келтирилгани ва бу ерда экологик инқироз юзага келгани ҳақида кетма-кет кўрсатувлар чиқди. Боғнинг инвесторларга тортиқ қилинган қисмларида баланд бинолар қад ростлаган. Яқин атрофдаги аҳоли тоза ҳаводан нафас олиб, маданий ҳордиқ чиқариши учун эса жой йўқ.

Айнан шу боғни реконструкция қилиб, халқ ихтиёрига қайтаришни ваъда беришганига ҳам 1 йилдан ошди. Биз куни кеча яна шу манзилга бордик. Лекин афсуски, бу сафар аввалгидан ҳам ёмонроқ аҳволга дуч келдик. Афтидан, мутасаддилар “бу журналистлар бир айюҳаннос солиб, кейин жим бўлиб кетишади”, қабилида фикрлашган, шекилли.