Швейцарияда яшаб келаётган ўзбекистонлик тадқиқотчи Зариф Ибрагимов Kun.uz билан суҳбатда мамлакатда автомобил, поезд йўллари атрофида дарахтлар, ўсимликлар бўлишига эътибор қаратилиши, ҳатто инфратузилма ўзгартирилаётганда, янгилаётганда ҳам яшилликка зарар етказилмаслиги, битта дарахтни кесиш учун қатор жараёнлар амалга оширилиши кераклиги ҳақида гапириб берди.
Инсониятнинг кундан кунга ортиб бораётган эҳтиёжлари сабаб кўплаб неъматларнинг йўқликка юз тутаётгани, афсуски, ҳақиқат. Дарахтлар, ўрмонлар камайиб, атроф-муҳит чўллашяпти, завод, фабрика газлари эса глобал ҳаво исиши, ҳаво ифлосланишига олиб келмоқда.
Бизни ўраб турган ва қайсидир маънода ҳимоя қилаётган яшиллик йўқолиб, унинг ўрнини бўшлиқ эгаллаяпти. Хўш, нима қилиш керак? Бу жараёндаги асосий масалалардан бири одамларнинг экология, табиат билан тўғри муомала қилишидир. Экологик маданият шаклланмас, жамиятнинг ўзи тирикликни сақлаб қолишга интилмас экан, натижага эришиш мураккаблигича қолаверади.
Швейцарияда яшаб, Берн университетида илм билан шуғулланаётган Зариф Ибрагимов Kun.uzʼга берган интервюсида дунёдаги энг тоза ва чиройли давлатларидан бирида аҳолининг атроф-муҳитга муносабати, бу борада болаларга қандай таълим берилиши ҳақида гапириб берди.
– Зариф ака, анча йиллардан бери хорижда яшаб, илм билан шуғулланиб келяпсиз. Дастлаб суҳбатнинг асосий қисмига ўтишдан олдин, Ўзбекистонда атроф-муҳитга бўлган муносабатни қандай баҳолайсиз? Дарахтлар кесилиб, боғлар ўрни бизнес марказларига айлантирилаётганига фикрингиз қандай?
– Сўнгги вақтларда узоқда бўлсак ҳам ОАВ орқали Ўзбекистон ичида бўлаётган муҳокама ва воқеалардан, айниқса, экология масаласидан хабардормиз. Жамият ёки тегишли ташкилотлар орасида аҳолининг атроф-муҳитга бўлган муносабати борасида шахсий фикримни билдирадиган бўлсам, юқоридан қандайдир буйруқ ёки ташвиқот ишлари, қандайдир кампания қилиниши керак бўлса, аксарият ҳолларда худди довруқ учун қилинаётгандек туйилади. Чунки айнан юқоридан келган буйруқлардан сўнг қилинадиган ташвиқот ишларига дуч келиб қоламиз, янгиликларни ўқиб қоламиз. Лекин ундан кейин бу ташвиқотлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгандек туйилади, шуни бефарқликлардан бири деб ҳисоблайман.
Иккинчидан, ҳар қандай экологияга таъсири бор бир янгилик бўлса, буни соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашиб, энг асосийси узоқ муддатли режалар қилинишини кўрмаймиз. Мен бу соҳанинг мутахассиси эмасман, лекин шахсий фикрим шундаки, масалан, ҳозир Ботаника боғи масаласида муҳокамалар кетяпти, бундан 5-6 йил олдин Самарқанд шаҳрида ҳам университетнинг катта ёшли дарахтларга эга хиёбони бор. Шу хиёбон борасида муҳокама кетганда ҳам узоқ муддатли режалар қилиниши кераклиги ўз-ўзидан аён бўлиб қолди. Мана шундай режалар жамоатчилик муҳокамасига юборилганда узоқни ўйламаган ҳолда, бир томонлари инобатга олинмаган ҳолда тузилган деган хулосага бориб қоламиз. Умумий айтганда, қисқа вақтли ечим қилинаётгани кўриниб қолади. Бир нарсани тушунишимиз керак, бу каби нарсалар шаҳарсозликнинг ҳам, инфратузилманинг ҳам энг ажралмас қисмидан бири ҳисобланади.














