«Галатасарой» илк дақиқалардан олдинга ташланди, аммо «Бавария» илк яхши ҳужумиданоқ мезбонлар мудофаасини ёриб ўтиб, қулай позицияга чиқиб борган Коман ҳисобни очди. Бу тажрибанинг яққол кўриниши эди, француз футболчиси асосий еврокубокда қаторасига етти ўйинда гол урмоқда. Аммо тезкор гол Истанбулда осон ғалаба қозонишни кафолатлай олмасди.
Биринчи бўлим якунларига кўра зарбалар бўйича устунлик «Бавария» фойдасига эмасди — 3:16. Икарди эса биттадан кўпроқ гол уриши мумкин эди, аммо у фақат ўзи ишлаган пеналтини аниқ ижро этиш билан чекланди. Бундай ўйинда паненка зарбаси йўллаш —кучли рақибга қарши яхши маънодаги беадаблик бўлди.
Аммо танаффусда Томас Тухел идеал иш олиб борди. Иккинчи бўлимда «Бавария» мудофаада ишончли, ҳужумда эса тажовузкорроқ ўйнай бошлади. Аввалига Муслеранинг жарима майдони ичидаги узатмасидан кейин Кейн товони билан тўпни дарвозага йўллашга уринди, зарба ҳимоячидан қайтганидан кейин ҳам англиялик ҳужумчи уни дарвоза тўрига йўллашни уддалади ва бу вазият ўйинда бурилиш ясади. Бироз ўтиб Мусиала Кейннинг узатмасини голга айлантириб, якуний ҳисобни ўрнатди.
«Шерлар»нинг еврокубоклардаги саккиз ўйиндан иборат мағлубиятсиз серияси якунланди, «Бавария» эса турнирнинг гуруҳ босқичида 37 ўйиндирки ютқазмаяпти ва қаторасига 16 ўйинда ғалаба қозонди. Мюнхенликлар ЕЧЛ рекордларини яхшиламоқда, сешанба куни яна бир рекорд янгиланди. Бунгача ҳеч бир жамоа қаторасига саккиз сафар учрашувда ғолиб чиқмаганди — «Ювентус»нинг бу борадаги натижаси эскирди.
«Олд Траффорд»да клуб ва жаҳон футболи афсонаси Бобби Чарлтон билан таъсирли видолашув бўлиб ўтди. Бу ўйиндан олдинги маросимга ҳам, мухлисларнинг арена олдидаги акциясига ҳам тааллуқли. Аммо бу етарли эмас ва жамоадан ғалаба қозониш талаб этиларди, дастлабки турлардаги икки мағлубият туфайли «МЮ» жар ёқасига келиб қолганди. «Қизил иблислар»нинг биринчи бўлимдаги кам сонли вазиятлари голгача етиб бора олмади, уларнинг ўзини эса дарвоза устуни голдан сақлаб қолди.
Иккинчи бўлим ҳам Онананинг сейви билан бошланди ва умуман олганда «Копенҳаген» сафарда анча дадил ўйин намойиш этди. Якунда «МЮ»нинг сўнгги вақтларда энг кўп танқид қилинаётган футболчилари қаҳрамонга айланди. Биринчидан, бир ярим йилдан буён гол урмаган ва фақат кўп сонли жароҳатлар туфайли таркибга қайтган Магуайр Эриксеннинг узатмасидан кейин боши билан зарба йўллаб дарвозани ишғол қилди. Иккинчидан, ўйинга қўшиб берилган вақтларда Мактоминайнинг жарима майдони ичидаги фолидан кейин белгиланган пеналтини Онана бартараф этди. Эрик тен Ҳаг жамоаси курашда қолади.
«Рамон Санчес Писхуан» учун ноодатий бўлган ёмғирли ўйин бошида «Арсенал» аввалига ўз вазиятларини кўкка совурди, аммо — шу кунги учрашув иштирокчиларининг кўпчилигидан фарқли ўлароқ — танаффусгача барибир гол ура олди. Арбитр томонидан биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ЕЧЛ дебютанти Габриэл Мартинелли қарши ҳужумда ҳисобни очди. Бразилиялик футболчи уникал натижа қайд этмоқда, у «канонирлар» сафида Европа Лигаси, АПЛ ва Англия лигаси кубогидаги илк ўйинларида ҳам гол урганди. Қолаверса, у кўҳна қитъанинг асосий еврокубогида гол урган 232-бразилияликка айланди.
Сешанба куни Севилядаги ўйинда Бразилия вакиллари ўзини кўрсатишди. Ҳисобни очувчи голда асосий ишни бажарган Габриэл Жезус иккинчи бўлим бошида ёрқин соло намойиш этиб, фахрий футболчи Хесус Навасни (шунчалик фахрийки, у ушбу жамоаларнинг ЕЧЛда 2007 йилда бўлиб ўтган охирги ўзаро учрашувида ҳам қатнашган) доғда қолдириб, тўпни узоқ «тўққизлик»ка жойлади. Бу шедевр ғалаба голига айланди, «Севиля» қолган вақт давомида ташаббусни қўлга олиб ўйнаган бўлса-да, фақат битта гол билан жавоб қайтара олди, Ракитичнинг бурчакдан узатмасини Гудел бош билан дарвоза тўрига йўллади.
Дарвоза тўсини ва устунларига зарбалар йўлланган, дарвозабонлар сейвлари кузатилган ва анча томошабоп кечган ўйинда кучлар тенг келди. ПСВ сафида Белгия миллий жамоасига мунтазам чақирув олаётган 20 ёшли Бакайоко ўз номига гол ёзиб қўйди. Эйндҳовен клубида бунгача ундан ёшроқ гол муаллифи 2004 йилда 19 ёшли Жефферсон Фарфан бўлганди. Аммо «Ланс»да ҳам қаҳрамон топилди, ёзда жамоага келиб қўшилган Ваи тўпни тўхтатмай зарба йўллаб, мувозанатни тиклади, бу унинг ЕЧЛда қаторасига учинчи ўйинда гол уриши бўлди. Энди французлар очколарини 5 тага етказиб, «Арсенал»дан кейинги иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
«Реал»ни «Брага» майдонида оддий бўлмаган ўйин кутаётганди. Одатда рақиб жарима майдонидаги ҳаракатлари билан ўзини кўрсатадиган Беллингҳем хавфли зарбани тўсишига ва мадридликларни голдан қутқаришига тўғри келди. Бундай хавфли вазиятлар етарлича бўлди, аммо бу вазиятларда ёки португаллар вазиятларидан фойдалана олмади ёки Кепа жонбозлик кўрсатди.
Шу билан бирга, шу куни сардорлик боғичини тақиб тушган Начо нафақат ҳимоядаги ўз ишини бажарди, балки узун пас билан голли ҳужумни бошлаб берди, унинг якунида Винисиус Жуниор қанотдан узатган тўпни Родриго дарвоза тўрига михлади. Эътиборли жиҳати, ушбу икки бразилияликда ҳам ЕЧЛдаги голлари сони 16 тага етди. «Реал»нинг яна собиқ тўрт футболчисида, жумладан Роберто Карлосда шундай кўрсаткич бор. Уларнинг барчаси мадридликларнинг асосий еврокубокдаги тўпурарлари ўнлигига киради.
Агар ҳозирги суръатда давом этса — Беллингҳем ҳам жуда қисқа вақт ичида у ерда пайдо бўлиши мумкин. Англиялик футболчи турнирнинг гуруҳ босқичидаги дастлабки уч ўйиннинг ҳар бирида ўз номини таблога ёздириб қўйди (бунгача бундай натижа фақат Карамбе томонидан қайд этилганди). Сешанба оқшомида ҳам Жуд бу ишни ўз вақтида амалга оширди (у бу мавсумда мадридликлар сафида барча турнирлар доирасидаги 12 ўйинда 11 гол урди), голга ҳақли ўйнаган «Брага» ҳам чиройли комбинацияни Жалонинг аниқ зарбаси билан якунлади. Шундан кейин ҳам мезбонлар қатор вазиятларга эга бўлишди, аммо фаворит ғалабали ҳисобни сақлаб қолди, португаллар эса — дадил ўйин учун олқишларга сазовор.
Ўйин охирида можаро юзага келиб чиқди, Рюдигернинг версиясига кўра, мезбонлар захира ўриндиғидаги мураббийлардан бири унга нисбатан ирқчилик қилган. Карло Анчелотти ўйиндан кейин Рюдигерни тинчлантириш қийин бўлганини қайд этди.
Жароҳат олган Осимҳенсиз қолган «Наполи» Кварацхелиянинг саъй-ҳаракатлари эвазига ғалаба қозонди. Гуржистонлик вингернинг жарима майдонига узатмаси манзилини топмаганди, аммо тўп яна чап қанотга қайтиб келди ва Хвича иккинчи уринишда ёрқин солодан кейин Распадорини қулай вазиятга чиқарди. Хвича клуби ва миллий жамоа сафидаги тўрт ўйинда 6 балл (4+2) тўплади, италияликлар жамоаси эса кутилганидек мадридликлардан кейин иккинчи ўринда бормоқда.
«Бенфика» гуруҳ босқичининг олдинги икки турида бирорта очко ололмаганди, шундай экан жамоадан ҳужумкор футбол кўрсатиш талаб этиларди. Мезбонлар тезкор голни ҳам уришди, аммо офсайд туфайли бекор қилинди. Биринчи бўлим ўрталарида басклар ҳам лиссабонликлар дарвозасини ишғол этди, аммо Браис Мендеснинг қувончи узоққа чўзилмади — арбитрлар унда ҳам ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этишди.
Биринчи бўлимда бошқа вазиятлар ҳам етарлича бўлди — Трубин қўриқлаётган дарвоза атрофида ҳам, Ремиронинг жарима майдонида ҳам. Аммо ижрочиларга аниқлик етишмади: Кубо рақибларни дриблинглари билан доғда қолдирди, аммо кўп вазиятларни совурди.
52-дақиқада «Реал Сосиедад» таянч яримҳимоячиси Субименди бурчакка кучли зарба йўллади, аммо Трубин ўзини кўрсатди. Меҳмонлар вақт ўтган сари голга яқинлашарди ва барибир ўз мақсадига эришди.
«Бенфика» ҳайрон қолдирди: ЕЧЛнинг ўтган мавсуми чоракфиналчиси ғалаба зарур бўлган ҳолатда иккинчи рақам остида ҳаракатланди ва рақибга тўпга эгалик қилиш бўйича икки баробар устунликка эришишга йўл қўйди. 63-дақиқада «Сосиедад» ғалаба голини урди: португаллар жарима майдони ичида катта ҳудудни бўш қолдирди ва Барренечеа бундан фойдаланиб, Мендесга қаторасига учинчи турда гол уришда ёрдам берди. Басклар очколар сонини еттитага етказиб, гуруҳ пешқадамига айланди ва плей-оффга чиқиш учун катта қадам ташлади.
«Реал Сосиедад» яримҳимоячиси Мендес Чемпионлар лигасидаги дастлабки уч ўйинида гол урган иккинчи испаниялик футболчи бўлди.
Икарди «Бавария» билан ўйинда 8 та зарба берди. Бунгача ЕЧЛда Мюнхен клуби дарвозасига 8+ зарба беришни фақат Роналду ва Муту уддалаганди.
«Бенфика»нинг испан жамоаларига қарши 12 ўйинининг биринчи бўлимида ҳисоб очилмаган, лекин якунда ғалабага эриша олмаган (=8-4).
«Интер» яримҳимоячиси Хоқон Чалхонўғли ЕЧЛ уй учрашувларида 7 гол урган. У фақат ўз жамоаси майдонида урилган голлар бўйича рекордчи бўлиб турган Деннис Бергкамп билан тенглашиб олди.